20/Январь/2023 Илм-фан
ТОШКЕНТ, 20 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистонда яратилган юқори самарали пайвандлаш материаллари ва технологиялари хорижга экспорти йўлга қўйилмоқда, деб хабар бераяпти «Дунё» АА мухбири.
Ўзбекистон Фанлар академияси маълумотига кўра, Академиянинг Материалшунослик институти ва Сингапурнинг «JIT Engineering & Solitions Pte.Ltd» компанияси билан мамлакатимизда яратилган юқори самарали пайвандлаш материаллари ва технологияларини Ҳиндистон ҳамда Жанубий Осиёнинг бошқа мамлакатлари бозорида илгари суриш ва тижоратлаштириш тўғрисида келишув имзоланди.
Келишувга мувофиқ Материалшунослик институти маҳаллий ва иккиламчи хом ашёлар асосида масъулиятли конструкцияларда (кўприклар, бинолар, технологик иншоотлар ва қурилмалар) ишлатиладиган алюминий қотишмалари, зангламас пўлат ва бошқа металлар учун юқори самарали пайвандлаш материалларини яратиш ва синовларини ўтказиш бўйича ишларни амалга оширади.
«JIT Engineering & Solitions Pte.Ltd» компанияси эса янги маҳсулотлар ва технологияни халқаро бозорга олиб чиқиш ва илгари суриш ишлари билан шуғулланади.