16/Декабрь/2022 Ўсиш нуқтаси
ТОШКЕНТ, 16 декабрь. /«Дунё» АА/. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида (ИТСВ) Япония халқаро ҳамкорлик банкининг (JBIC) бошқарувчи ижрочи директори Макото Учида, «Kyuden International» компанияси президенти Рётаро Юсу ва «Sojitz Corporation» компанияси бош операциялар директори Такефуми Нишикавадан иборат Япония делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
ИТСВ маълумотига кўра, мулоқот чоғида «Сирдарё вилоятида «EDF» (Франция), «Nebras Power» (Қатар), «Sojitz Corporation» ва «Kyuden International» (Япония) консорциуми томонидан қуввати 1600 МВт бўлган буғ-газ электр станциясини қуриш» лойиҳасини амалга оширишни янада жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Япония компаниялари вакиллари лойиҳани илгари суришда кўрсатилган ёрдам учун миннатдорлик билдириб, 2023 йил февралидан қурилиш-монтаж ишларини бошлаш режаларини маълум қилишди.
Ўз навбатида, JBIC раҳбарияти молиялаштириш учун банк тайёр эканлигини билдириб, ушбу лойиҳа Ўзбекистонда биринчи бўлиб суверен кафолатсиз амалга оширилаётганини таъкидлади.
Маълумот учун: JBIC билан ҳамкорлик ўрнатилганидан буён умумий қиймати 2,6 миллиард доллардан ортиқ бўлган 11 та лойиҳа амалга оширилган бўлиб, шундан банк кредити 1,4 миллиард долларни ташкил этади.
Учрашувда, шунингдек, «Sojitz Corporation» ва «Kyuden International» компаниялари билан қайта тикланадиган энергия, водород энергетикаси, кимё ва соғлиқни сақлаш соҳаларида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини ҳамкорликда амалга ошириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.