Uz / Ўз Ru En

Toshkent

19/Январь/2021   Сиёсат

СМТИ директори Элдор Арипов: Мурожаатнома ислоҳотларимиз бошида ҳар бир инсон, унинг манфаатлари ва фаровонлиги турганини яна бир бор кўрсатиб берди


ТОШКЕНТ, 19 январь. /«Дунё» АА/. Инсон, унинг манфаатлари ва фаровонлиги давлатимиз раҳбарининг барча ислоҳотларининг асосий мақсади ва асосидир, деб таъкидлади Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов «Янги Ўзбекистон» газетасининг бугунги сонида эълон қилган мақоласида.

 Қуйида «Дунё» АА «Ҳаётимиз фаровонлиги асоси» сарлавҳали мақоланинг тўлиқ матнини эътиборингизга ҳавола этмоқда.

«2020 йилга коронавирус пандемияси шароити, табиий ва техноген фалокатлар оқибатида юзага келган муаммоларни эслаб назар соладиган бўлсак, нафақат синовларни енгиб ўтганимиз, балки қатор ютуқларга эришганимизни ишонч билан айта оламиз. Бу жиҳатлар Президентимиз Мурожаатномасида ўз ифодасини топди.

Ўтган йилдаги барча мураккаб ҳолатлар объектив хусусиятга эга эканига қарамасдан, давлатимиз раҳбари ўзининг «Инсон манфаатлари — ҳамма нарсадан устун» деган тамойилига содиқ қолди. Давлатлараро чегаралар ёпилган­бўлса-да, 600 мингдан ортиқ ватандошимиз юртимизга олиб келинди. Бунинг учун дипломатик, санитар-эпидемиологик, транспорт-логистик ва бошқа зарур ресурслар сафарбар қилинди.

Албатта, буни бирданига амалга оширишнинг имкони бўлмади. Лекин фуқароларимиз чет мамлакатларда ўз ҳолига ташлаб қўйилмади, 100 мингга яқин юртдошларимизга ёрдам берилди. Бундан ташқари, хорижий давлатлардаги элчихоналаримиз ва ўз ёрдамларини аямаган волонтёрлар томонидан қийин вазиятга тушиб қолган ватандошларимиз ҳар томонлама қўллаб-қувватланди.

Пандемия сабабли қийналиб қолган оддий фуқаролар ва тадбиркорлар ҳам эътибордан четда қолмади. Уларга турли солиқ имтиёзлари тақдим қилинди, кредит қарзларини тўлаш муддатлари узайтирилди ва 66 триллион сўмдан иборат молиявий кўмак кўрсатилди. Бутун халқимизни бирлаштирган «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида 800 мингдан зиёд кам таъминланган оилаларга 1 триллион сўмдан ортиқ моддий ёрдам берилди.

Албатта, эҳтиёжмандларнинг барча муаммоларини бирданига ҳал қилиш қийин. Моддий ёрдам тақсимланиши жараёнида Бош прокуратура қонун бузилиши ҳолатларини ҳам аниқлади. Бироқ инсонларнинг манфаатлари давлат учун энг муҳим устуворликка эгалиги шубҳасиз. 

Эътиборлиси, пандемия ва у билан боғлиқ масалалар Мурожаатномада энг кўп тилга олинди. Ютуқлар ҳақида сўз кетганида, диққатга сазовор бир нечта омилларни қайд этиш ўринли бўларди.

Биринчидан, коронавирус эпидемияси объектив равишда назоратга олинди. Президентимизнинг қатъий топшириғи ва тавсиялари асосида эпидемиянинг дастлабки даврида юзага келган саросимани енгиб ўтиб, соғлиқни сақлаш тизимида тўла сафарбарликни йўлга қўйишга эришилди. Қисқа муддат ичида беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида 30 мингга яқин ўрин ташкил қилинди.

200 мингдан ортиқ тиббиёт ходимлари ва 150 нафар хорижий мутахассис жалб қилинди. Ҳозирда касалланишнинг кунлик ўсиш кўрсаткичи 70 тадан ошмаяпти. Бу дунёдаги энг паст кўрсаткичлардан биридир.

Иккинчидан, яна бир жиҳатни алоҳида айтиш керак. Яъни, ўтган йилда 1 миллиард  доллар миқдорида мева ва сабзавот экспорт қилинди. Бинобарин,  олдинги йилларда ҳам биз пахта толасининг экспортидан бундай кўрсаткичга эришмаганмиз. 2020 йилда пахтанинг ҳосилдорлиги ҳам 10 фоизга ошди.

Бунда хусусий хўжаликлар ва кластерларнинг хизмати беқиёс. Аҳамиятлиси, бундай натижага талаба ва бюджет идоралари хизматчиларини жалб қилмасдан, давлат томонидан махсус имтиёз ҳамда преференциялар берилмасдан эришилди. Аксинча, янги иш ўринлари яратилди, мамлакатга сув ва энергияни ортиқча сарфламайдиган, экологик тоза маҳсулот етиштириш имконини берадиган янги қишлоқ хўжалиги техникалари, технологиялар олиб келинди.

Бу аграр соҳада амалга оширилган ислоҳотлар дастлабки натижаларининг ўта муҳим кўрсаткичларидир. Зеро, бунинг замирида ўтган бир неча ўн йиллар давомида бозор иқтисодиёти мантиғига тўғри келмайдиган, минглаб одамларни далаларга олиб чиқиш ва фақат пахта хомашёсини етиштиришга ихтисослашган тизим ўрнига янги, бозор муносабатлари ҳамда замонавий технологияларга асосланган ёндашув мавжуд.

Учинчидан, ёшларимизни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 25 фоизгача етказилди. Тўрт йил олдин мазкур кўрсаткич 9 фоиздан ошмас эди. Мамлакат бу индикатор бўйича дунёда энг охирги ўринда бўлиб, фуқаролар уруши давом этаётган Афғонистон билан ёнма-ён эди.

Мамлакатда янги ўқув муассасалари ва етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг филиаллари ташкил қилинмоқда. Бу узоқ вақт мобайнида объектив тарзда юзага келган ўта муҳим вазифалардан бири, яъни, турли соҳаларда етук мутахассислар захирасини шакллантиришга қаратилган.

Тўртинчидан, судлар мустақиллиги таъминланиши натижасида 2020 йилнинг ўзида 719 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди.  Эслатиб ўтиш керак, 4 йил олдин бу каби оқлов ҳукмлари мавжуд эмас эди. Албатта, бу кўрсаткич  судларимиз тўлиқ мустақилликка эришди, дегани эмас. Aммо бу борадаги статистика кўп жиҳатларни ойдинлаштиради. Aгар илгари тадбиркорларимиз ва фуқаролар давлат идораларига нисбатан суд жараёнларида камдан-кам ҳолатларда ғолиб бўла олган бўлса, бугунги кунда рақамлар бунинг аксини кўрсатмоқда. 2017 йилдан бошлаб маъмурий судлар томонидан қарийб 70 фоиз ишлар фуқаро ва тадбиркорлар фойдасига қаноатлантирилган.

Бешинчидан, юртимизда кечаётган янгиланишлар халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмоқда ва Ўзбекистоннинг глобал майдондаги нуфузини оширмоқда. Тарихда биринчи марта Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси этиб сайланди. Шу билан бирга, Ўзбекистон AҚШ Давлат департаментининг диний эркинлик соҳасидаги махсус кузатувдаги мамлакатлар рўйхатидан чиқарилиши амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотларимизга берилган юқори баҳо бўлди.

Шу билан бирга, Президентимиз ўз Мурожаатномасида нафақат бажарилган ишлар сарҳисобига тўхталди, балки кейинги ислоҳотлар учун кенг кўламли дастурни эълон қилди. Унинг ўзига хос хусусияти ўта аниқ ва қатъий натижаларга қаратилганида намоён бўлади.

Жумладан, давлатимиз раҳбари Мурожаатномада 150 дан ортиқ ташаббус ва таклифларни илгари сурди. Бу жараёнда бирорта ҳам соҳа эътибордан четда қолмади.

Мурожаатномада илгари сурилган вазифаларни молиялаштириш кўлами ҳам катта аҳамиятга эга. Иқтисодчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Мурожаатнома доирасида эълон қилинган ташаббуслар, лойиҳалар ҳамда вазифаларга 25,6 триллион сўм ва 1,4 миллиард доллар миқдорида маблағ ажратиш режалаштирилган.

Президентимиз Мурожаатномасининг асосий мазмуни ижтимоий ривожланишдир. Халқ фаровонлиги, одамларнинг турмуш даражасини ҳар томонлама яхшилаш масалалари кўп бор таъкидланди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази мутахассислари лингвистик таҳлили давлатимиз раҳбари Мурожаатномасида ижтимоий соҳага бўлган эътиборнинг эволюциясини яққол намоён этади. Aгар 2017 йилда ижтимоий мавзуларга оид сўзлар нутқнинг 11 фоизини ташкил қилган бўлса, 2020 йилда ушбу кўрсаткич 28 фоизга етди.

Ушбу анъана бу йил ҳам давом эттирилиб, Президент илгари эълон қилган ривожланиш йўлига содиқ қолди. Мурожаатноманинг энг катта ва муҳим қисми ижтимоий муаммолар ва иқтисодий ривожланиш масалаларига бағишланди. Умуман олганда, Президентимиз аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш самарадорлиги ҳамда фуқаролар турмуши фаровонлигини ошириш ва уларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган 70 дан ортиқ ташаббусларни эълон қилди.

Камбағалликни қисқартириш Мурожаатноманинг асосий мақсадидан бирига айланди. Президент ушбу масалалар ечимига батафсил тўхталди. Хусусан, биринчи навбатда, бандликни таъминлаш масаласига алоҳида урғу берилди. Бу борада маҳаллаларда 1000 дан ортиқ касб-ҳунар таълими марказларини ташкил этиш лойиҳаларини таъкидлаш лозим. Ўқув курсларини тугатган ва хусусий тадбиркорлик билан шуғулланишни истаганларнинг барчаси зарур ускуналарни сотиб олиши учун 7 миллион сўмгача субсидиялар олиши мумкин. Бундан ташқари, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини иш билан таъминлаш учун бандликка кўмаклашиш ва Жамоат ишлари жамғармаларига 500 миллиард сўм йўналтирилади.

Аҳоли Мурожаатномадан ўзларини ўйлантириб келаётган саволларга батафсил жавоб топди. Бу борада ҳам давлатимиз раҳбарининг оддий халқ билан тўғридан-тўғри учрашувлари, ўзаро мулоқоти таъсирини яққол сезиш мумкин. Бу Шавкат Мирзиёевнинг ҳудудларга ташрифи давомида ёки тадбирлардаги иштирокида ўзгармас амалиётга айланиб улгурган. Президентимиз халқ ва ёшлар билан тўғридан-тўғри мулоқот орқали барча “оғриқли нуқталар” ва мавжуд камчиликлар ҳақида бевосита тасаввурга эга бўлади.

Шу сабабли, Мурожаатномада кенг қамровли манзилли чоралар кўрсатилган. Ёшларни, кам таъминланган, эътиборга муҳтож оилалар фарзандларини, етим болаларни, ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш, мактаблар, болалар боғчалари қуриш, театрлар, музейлар, маданият, спорт муассасаларини бунёд этиш, реконструкция қилиш, шаҳару қишлоқларда йўллар қуриш ва таъмирлаш шулар жумласидан. Оддий одамлар эҳтиёж ва талабларига нисбатан бундай ёндашув, шубҳасиз, Президентимизнинг халқ фикр-мулоҳазаларини тинглаб,  уларни қийнаётган саволларга ўз вақтида жавоб беришини, айни пайтда мунтазам тегишли чора-тадбирлар қўллаётганини намоён қилади.

Бу борада аҳолини газ билан узлуксиз таъминлаш масаласида зудлик билан кўрилган чора-тадбирларни алоҳида қайд этиш лозим. Жумладан, давлатимиз раҳбари бу муаммонинг ечими сифатида қўшимча газ талабининг 35 фоизи экспорт ресурсларини ички бозорга йўналтириш, қолган қисми импорт ҳисобидан қопланишини белгилаб берди. Бундан ташқари, 2021 йилдан табиий газ етказиб беришда монополияга барҳам бериш режалаштирилган. Ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар газни биржада сотиш имконига, улгуржи истеъмолчилар эса уни сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади. Суюлтирилган газ бозорида хусусий секторнинг иштироки кенгайтирилади ва уни импорт қилишда бож тўловлари бекор қилинади.

Мурожаатномада жамиятда энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлган мавзу —автомобиллар бозоридаги монополия масаласи ҳам кўтарилди. Ушбу соҳада рақобатни кучайтириш мақсадида корхоналарга тенг имкониятлар яратиш ва автомобиль саноати ишлаб чиқарувчилари сонини кўпайтириш кўзда тутилмоқда.

Коррупция муаммоси бўйича Молия вазирлигига давлат органларининг бюджетдан ташқари жамғармалар даромади ва харажати, давлат иштирокидаги ташкилотлар харидлари, шунингдек, давлат субсидиялари ҳамда грантлари тўғрисидаги маълумотни чоп этиш амалиётини йўлга қўйиш кўрсатиб ўтилди.

Бу тизим орқали давлат муассасалари фаолиятининг очиқлигини юқори даражада таъминлашга эришилади. Бу, ўз навбатида, давлат идоралари фаолияти жамоатчиликнинг қатъий назоратида бўлишига замин яратади.

Мурожаатномада, шунингдек, ёшлар ва таълимга бўлган алоҳида эътиборни ҳам таъкидлаш лозим.

Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, инсон иштирокисиз ҳеч қандай олға силжишни амалга оширишнинг имкони йўқ. Айнан одамлар мамлакатнинг асосий устунлиги ва капиталидир.

Жорий йилнинг «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб эълон қилиниши ушбу мантиққа тўла мос келади.

Президентимиз ёшлар билан учрашиб, бевосита мулоқот қилиш орқали йигит-қизларимизда жамоат ишларига киришиш, ислоҳотларни “юқоридан пастга” тамойили бўйича амалга оширилишини кутиш эмас, аксинча, ташаббусни қуйидан кўрсатишга тайёр эканини кўра олди. Ёшлардаги фаоллик ва ишга бўлган ёндашув кўплаб амалдорларда етишмаслигини давлатимиз раҳбари танқидий қайд этиб ўтди.

Креатив, эркин, илмли ёшлар ислоҳотлар жараёнининг асосий драйвери, Ўзбекистоннинг рақобатбардош устунлиги бўла олади ва шундай бўлиши ҳам лозим. Бунинг учун барча имкониятлар яратилмоқда, шунингдек, таълим олиш, ижод қилиш ва ёш авлодни мамлакат ҳаётида иштирок этиши учун шароит яратилмоқда.

Хусусан, олий таълим муассасаларидаги давлат гранти учун ажратилган ўринлар 25 фоизга, шу жумладан, эҳтиёжманд оилалар қизлари учун икки баробарга оширилади. Бу ёшларни олий таълим билан қамрови даражасини янада ошириш имконини беради.

Олийгоҳлар ва илмий муассасаларда докторантлар сонини 4,5 минггача етказиш режалаштирилган. Ушбу мақсадда бюджетдан қўшимча 240 миллиард сўм ажратилади. 2021 йилда “Эл-юрт умиди” жамғармаси доирасида хорижий олий ўқув юртларига таълим олиш учун юбориладиган ёшлар сони бирданига беш баробарга оширилади.

Шубҳасиз, ушбу соҳага қаратилаётган эътибор ва ажратилаётган маблағлар келажак учун киритилган энг яхши инвестициядир. Зеро, машҳур америкалик сиёсатчи Бенжамин Франклин таъкидлаганидек, «билимга киритилган сармоя энг яхши натижа беради».

Бутун Европанинг иқтисодий ўсиш двигатели ҳисобланган Германия таълим ва илмий тадқиқотлар учун харажатларни йилдан-йилга барқарор ошириб бормоқда. Ўз навбатида, Хитойда аниқ фанлар ва информатикани чуқурлаштириб ўрганишга бўлган саъй-ҳаракат мамлакатда янги турдаги — инновацион иқтисодиёт шаклланишида муҳим роль ўйнади. Бугун Хитой Глобал инновациялар индексида 14-ўринни эгаллайди ва ушбу йўналишда етакчилардан бири ҳисобланади.

Президентимиз томонидан Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили учун билдирилган ташаббуслар рўёбга чиқиши ёшларнинг ўз қобилиятини намоён қилишида уларни қўллаб-қувватлаш, салоҳиятини рўёбга чиқариш имконини беради.

Мурожаатнома ислоҳотларимиз бошида ҳар бир инсон, унинг манфаатлари ва фаровонлиги турганини яна бир бор кўрсатиб берди. Бу давлатимиз раҳбарининг асосий мақсадидир».

«Янги Ўзбекистон» газетаси,

2021 йил 19 январь.

Мавзуга оид

Ўзбекистон ва АҚШ ташқи сиёсат маҳкамала...

“Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида Ўзбекистон ва АҚШ делегациялари ўртасидаги бўлиб ў...

Ўзбекистон Президенти Покистон Бош вазир...

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Покистон Ислом Республикаси Бош в...

Сенат Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчисини...

Сенаторлар Феруза Йўлдошевна Махмудовани Ўзбекистоннинг Исроил давлатидаги Фавқулодда ва м...

Сўнгги янгиликлар