Uz / Ўз Ru En

Toshkent

19/Сентябрь/2020   Жамият

Суд ҳокимияти органлари фаолиятида янги давр


ТОШКЕНТ, 19 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистонда одил судловга эришиш ва судлар фаолиятида очиқлик ҳамда шаффофликни таъминлаш борасида муҳим чора-тадбирлар изчиллик билан амалга ошириб келинмоқда. Айниқса, сўнги икки ойда Ўзбекистон Республикаси Президентининг суд ҳокимиятига оид 3 та ҳужжатни имзолаши соҳада амалга оширилиши кўзланган мақсадга эришиш учун улкан қадам бўлди. Бундай ислоҳот Ўзбекистон суд тизими тарихидаги муҳим воқеликдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 30 августдаги “Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенгроқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари ва 2020 йил 3 сентябрдаги “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимиз суд ҳокимияти имижини буткул янгилади.

Президентимиз тегишли қарори билан тасдиқланган 2017-2020 йилларда Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш дастурининг ижроси натижасида судларга масофадан туриб мурожаат қилиш, суд мажлисларида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиб иштирок этиш, судьялар ўртасида ишларни автоматик тарзда тақсимлаш, суд қарорларини Интернет тармоғида эълон қилиш, ижро ҳужжатларини электрон шаклда мажбурий ижрога юбориш тизимлари жорий этилган эди ва бу амалиётда ўз самарасини бермоқда.

Хусусан, суд тизимидаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида қабул қилинган  “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштиришнинг оптимал вазифалари белгиланди.

Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини кенгайтириш, мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнининг онлайн кузатиб борилишини таъминлаш, суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имкониятини яратиш, судларда одил судловни амалга ошириш учун зарур маълумотларнинг тезкорлик билан олинишини таъминлаш учун вазирлик, идора ва бошқа ташкилотлар билан электрон маълумотлар алмашинувини янада кенгайтириш борасидаги ишлар шулар жумласидан.

Шунингдек, ҳужжат билан махсус ахборот дастурларини жорий этиш орқали судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, суд мажлисларида масофадан туриб, жумладан, мобиль қурилма ва электрон ҳамкорликнинг бошқа шакллари орқали иштирок этиш имкониятини кенгайтириш, шунингдек, иш бўйича тарафлар учун суд қарорларини онлайн тарзда олиш имкониятини яратиш кўзда тутилган. Суднинг ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва бошқа дастурий маҳсулотлари ахборот ва киберхавфсизлигини таъминлаш, хизмат ахборотлари ва маълумотларини мажмуавий ҳимоя қилиш бўйича чораларни кучайтириш ишлари олиб борилади.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу ҳуқуқий асос мамлакатимизда судлар фаолиятидаги самарадорликни оширишда янги уфқлар очиб, замонавий технологияларни кенг жорий қилиш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш имконини беради. Одил судловга эришиш, судлар фаолиятида очиқлик, шаффофликни таъминлашга, судлар билан бошқа давлат органлари ўртасида маълумот алмашинувини яхшилашга хизмат қилади.

Х.Жамолиддинов,

Фарғона туманлараро

иқтисодий суди судьяси,

С.Аҳмаджонов,

судья ёрдамчиси

Мавзуга оид

«Сариқ» ва «яшил» ҳудудларда автобус ҳар...

Жорий йилнинг 8 июнидан — «сариқ» ва «яшил» ҳудудларда жамоат транспортида шаҳар (туман) в...

Зироатхон Мирзиёева бошчилигидаги фонд я...

Хабарда келтирилишича, лойиҳа мамлакатимиз вилоятларида ҳаво сифатини кузатиш имкониятини ...

Ўзбекистон фуқароларини хориждан қайтари...

Транспорт вазирлиги томонидан хориждаги Ўзбекистон фуқароларини ватанга олиб келиш учун на...

Сўнгги янгиликлар