05/Июнь/2023 Спорт
ТОШКЕНТ, 5 июнь. /«Дунё» АА/. Таэквондо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида ўтказилган таэквондо WT бўйича жаҳон чемпионатида муваффақиятли иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Миллий Олимпия қўмитаси маълумотига кўра, жаҳон чемпионатида иштирок этган терма жамоамиз дунё биринчиликларида қўлга киритилган медаллар сони бўйича рекордини такрорлади. Мусобақада ҳамюртларимиз 1 та кумуш ва 3 та бронза медалларини жамғаришди.
Аёллар ўртасида +73 кг. вазн тоифасида кетма-кет 2 бор жаҳон чемпионатининг финалига етиб борган Светлана Осипова бу гал ҳам кумуш медаль билан чекланди. Шунингдек, Феруза Содиқова -62 кг. вазн тоифасида қаторасига иккинчи бор бронза медали билан тақдирланди.
«Токио-2020» ёзги Олимпия ўйинлари чемпиони Улуғбек Рашитов илк бор жаҳон чемпионатида шоҳсупага кўтарилди. Улуғбек -68 кг. вазн тоифасида бронза медалини қўлга киритди. Қолаверса, катталар ўртасидаги дунё биринчилигида дебют қилган Омонжон Отажонов -54 кг вазн тоифасида шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди.