30/Март/2023 Долзарб
БАНГКОК, 30 март. /“Дунё” АА/. Кеча Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимларининг Таиланд Миллий Ассамблеяси Вакиллар палатаси спикери маслаҳатчиси, Таиланд Ислом маркази фонди (The Foundation of the Islamic Centre of Thailand) раиси Самарт Малулим билан учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда икки томонлама маданий ва туризм соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларни ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Таиланд томони қиролликнинг мусулмон аҳолиси орасида Ўзбекистоннинг ислом қадамжоларини зиёрат қилиш, ислом муҳаддислари Имом Бухорий, Имом Термизий ва бошқа буюк алломаларнинг илмий меросини яқиндан ўрганишга қизиқиш катта эканлигини урғулади.
Ўзбекистон ва Таиланд фуқароларининг саёҳатлари икки томонлама ўсиши учун нафақат чартер, балки доимий авиақатновларнинг тикланиши долзарблиги қайд этилди. Ўз навбатида, Бош консулхона томонидан ҳозирги кунда Тошкентдан Пхукет ва Бангкок шаҳарларига ҳафтасига 1 маротаба чартер авиақатновлар амалга оширилаётгани, шу билан бирга мунтазам рейсларни тиклаш бўйича ҳам томонлар музокаралар олиб бораётгани маълум қилинди.
Мулоқот чоғида Таиланд томонига жорий йил 30 апрель куни мамлакатимизда бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий тадбир – умумхалқ референдуми ҳақидаги маълумот тақдим этилди. Шу ўринда Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича ислоҳотлар, энг аввало, инсон қадрини юксалтиришга қаратилгани таъкидланди. Самарт Малулим Конституция янги таҳририга биноан, Ўзбекистонда Парламент Қонунчилик палатаси ва Сенатининг ваколатлари сезиларли даражада кенгайиши ва халқ вакилларининг масъулият соҳаси аниқ белгиланаётганини олқишлади.
Учрашув якунида зиёрат туризм йўналишида таиландлик сайёҳларни республикамизга кенг жалб қилиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда Таиланд илмий доира вакилларини Ўзбекистонга ташрифларини ташкил этишга келишиб олинди.