30/Март/2023 Ўзбекистоннинг хориждаги ваколатхоналарида
ЖИДДА, 30 март. /«Дунё» АА/. Ҳозирги кунларда Саудия Арабистонига зиёратчилар сафарларини ташкил этаётган сайёҳлик фирмаси вакили Раҳматзода Иқболжон Икромжон ўғли мамлакатимизда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотларга доир қуйидаги фикр-мулоҳазаларини «Дунё» ахборот агентлигига билдирди:
- Ҳозирги кунда вақтинча Саудия Арабистонида яшаётган бўлсам-да она-Ватанимда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотлар жараёнини катта қизиқиш билан кузатиб бораяпман.
Ўзбекистон Конституциясига кенг жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари асосида ўзгартишлар киритилиши ҳамда янгиланажак Конституциянинг умумхалқ референдуми орқали қабул қилиниши мамлакатимизда демократик тамойилларнинг нақадар ривож топаётганлигидан далолат беради.
Янгиланаётган Бош қомусимизда ёшлар масаласи алоҳида бўлим сифатида қайд этилаётгани ҳам Янги Ўзбекистонда ёшлар сиёсати устувор даражага олиб чиқилаётганини кўрсатади.
Шунингдек, Конституция лойиҳасида фуқаролар фаровонлигини таъминлаш, авваламбор, уларнинг меҳнат ҳуқуқларининг давлат томонидан ҳимоя қилиниши қамровини кенгайтириш орқали ижтимоий давлат тамойилларининг янада мустаҳкамланаётгани акс этгани ҳам жуда қувонарлидир.
Умуман олганда, таклиф этилаётган конституциявий ўзгартишлар мамлакатимизнинг демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва миллий иқтисодиётни тубдан ривожлантиришга содиқ эканлигини тасдиқлайди.
Мен ҳам жорий йил 25 апрель куни Ўзбекистонга қайтиб, 30 апрель куни ўтказиладиган умумхалқ референдумида ўз овозимни бераман. Барча тенгдошларимни ҳам ушбу жараёнда фаол қатнашишга чақираман.