30/Сентябрь/2022 ТИВ янгиликлари
ТОШКЕНТ, 30 сентябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Украина атрофидаги вазият бўйича айрим масалаларга расман ойдинлик киритди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
«Сўнгги вақтларда фуқаролардан Украина атрофидаги вазият бўйича айрим масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида мурожаатлар кўпайганлиги муносабати билан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади,- дейилади ТИВ ахборотида. - Ўзбекистон ўзининг ташқи сиёсатини амалга оширишда миллий манфаатларга, асосий тамойиллар саналувчи, жумладан, очиқлик, тенг ҳуқуқлилик, суверенитет, ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик каби устуворликларга доимо содиқдир.
Ўзбекистон мавжуд вазиятни халқаро ҳуқуқ нормаларидан келиб чиқиб сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этиш учун шартларни имкон қадар тезроқ ишлаб чиқиш тарафдоридир.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудига келаётган Россия фуқаролари сонининг кўпайишига тўхталадиган бўлсак, уларнинг мамлакатимизда бўлиш масаласи, шунингдек, эҳтимолий экстрадиция қилиниши Ўзбекистон қонунчилиги, икки томонлама ва кўп томонлама ҳуқуқий ҳужжатлар асосида тартибга солинишини қайд этамиз.
Шу билан бирга, ҳуқуқбузарлик содир қилмаган хорижий давлат фуқаролари мажбурий депортация қилиб юборилмайди».