Uz / Ўз Ru En

Toshkent

26/Июль/2021   Спорт

«Токио-2020»: Улуғбек Рашитов Ўзбекистон терма жамоасига биринчи олтин медални тақдим этди


ТОШКЕНТ, 26 июль. /«Дунё» АА/.  Япония пойтахти - Токиода бўлиб ўтаётган ёзги Олимпия ўйинларининг иккинчи куни Ўзбекиcтон терма жамоаси спортчилари учун омадли бўлди. Кеча Олимпия ўйинларида 11 нафар  вакилимиз  мусобақаларда иштирок этди.  Қувонарлиси шундаки, 19 ёшли таэквандочи Улуғбек Рашитов Ўзбекистон терма жамоасига биринчи олтин медални тақдим этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Токио-2020 Олимпия ўйинларида делегациямиз ҳисобига илк медални тақдим қилган таэквондочимиз Улуғбек Рашитов  ҳал қилувчи финал жангида амалдаги жаҳон чемпиони, британиялик Бредли Синденни 34-29 ҳисобида мағлубиятга  учратгани ҳолда оламшумул натижани қайд этди.

Улуғбек ўзбек  таэквондо спорти тарихида ҳам янги сахифа очди. Чунки шу кунга қадар  ўзбек таэквондочилари орасида ҳеч ким  Олимпия ўйинларида медални қўлга киритмаган эди.

Кечаги кун дастурида иштирок этган вакилларимиздан бири - оғир атлетикачи Адҳамжон Эргашев ўз иштирокини якунлади. - 67 кг вазн тоифасида қатнашган полвонимиз олтинчи натижани қайд этди.

Даст кўтариш машқини 139 кг билан якунлаган Эргашев силтаб кўтаришда 173 кг тошни кўтаришга муваффақ бўлди. Адҳам икки кураш бўйича 312 кг қайд этиб ўз иштирокини олтинчи натижа билан якунлади.  

Токиодаги «Ariake Gymnastics» аренасида ҳамюртимиз Оксана Чусовитина фаолиятидаги сўнгги сакрашни амалга оширди. Гарчи унинг иккинчи парвози финалга чиқиш учун камлик қилган бўлса-да номи абадийликка кириш учун етарли бўлди.

Сакказинчи бор Олимпия ўйинларида иштирок этиб, ўз спорти турида Гиннеснинг рекордлари китобига кирган Оксана Чусовитинанинг чиқиши 14.166 балл билан баҳоланди. Афсуски, ушбу балл финал йўлланмаси учун кифоя қилмади ҳамда экран қаршисидаги миллионлаб мухлислар, ҳамкасблари ва мураббийлари олқишлари остида катта спорт билан хайрлашди.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи, «Дўстлик», «Меҳнат шуҳрати», «Эл-юрт ҳурмати» орденларининг соҳиби, «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони соҳибаси Оксана Александровнага узоқ йиллик фаолияти учун миннатдорлик билдиради ҳамда келажакда мураббий сифатида ҳам юртимизда спорт, хусусан, гимнастика тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишига ишонамиз.

Олимпиадада 25 июль кунги баҳсларда, шунингдек,  академик эшкак эшиш вакиллари ҳам медаллар учун кураш олиб борди. 

Афсуски, академик эшкак эшиш баҳсларининг 2000 м масофада ўтиш саралашида қатнашган Шаҳбоз Холмирзаев/Собиржон Сафаралиев жуфтлиги маррага 4-бўлиб етиб келди ва медаллар учун курашиш имкониятини йўқотди.

Кеча, шунингдек, боксчиларимиз ҳам медаллар учун «жанг»га киришди.  Куннинг биринчи жанги Турсуной Раҳимова иштирокида кечди. -51 кг вазн тоифасида рингга кўтарилган Раҳимова польшалик Сандра Драбикка қарши баҳс олиб борди ва ғалабага эришди.

Шу тариқа, Раҳимова Олимпия ўйинларида ғалабага эришган илк ўзбекистонлик боксчи қиз сифатида тарихга кирди. Унинг кейинги босқичдаги рақиби туркиялик Бусе Наз бўлади.

Эркаклар бокс жамоасининг икки вакили рингга чиқди. -63 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Элнур Абдураимов 1/16 финалда мўғулистонлик Чинзориг Баатарсухга қарши жанг қилди. Дастлабки раундни бой берган Абдураимов кейинги раундда устунликка эга бўлди. Ҳал қилувчи раунддаги ҳаракатлари билан 4:1 ҳисобдаги ғалабага эришди. 1/8 финалда унга тожикистонлик Баҳодур Усмонов рақиблик қилади.

-81 кг вазн тоифаси вакили Дилшод Рўзметов 1/16 финалда ирландиялик Эммет Бреннанни 5:0 ҳисоби билан мағлуб этди. Унинг кейинги босқичдаги рақиби Озарбойжон шарафини ҳимоя қилаётган Алфонсо Домингес бўлади.

Дзюдочилар жамоаси учун иккинчи кун ҳам омадсиз келди. Дастлаб Сардор Нуриллаев (-66 кг) дастлабки босқичда жароҳат туфайли жангни давом эттира олмади.

-52 кг вазн тоифасида татамига чиққан Диёра Келдиёрова ҳам мўғулистонлик Сосорбарам Лхагвасуренга имкониятни бой бериб, медаллар учун курашни эрта тарк этди.

 Олимпия ўйинларида мамлакатимиз жамғармасига медаль тақдим этишига ишонган тажрибали велоспортчимиз Ольга Забеленская ишончни оқлай олмади. Велоспортнинг шоссе йўналишида иштирок этган Олга Забелинская Олимпия ўйинларида омад кулиб боқмади ва кутилмаган натижани қайд этди. Забелинская 137 километрга кечган гуруҳ пойгаси йўналишида 67 иштирокчи орасида 9-бўлиб марра чизиғига етиб келди. У ушбу масофани 3 соат 54 дақиқа 31 сонияда босиб ўтди.

Бугун, 26 июль куни 7 нафар юртдошимиз  медаллар учун курашга киришган.

Мавзуга оид

Юртимизда халқаро спорт тадбирлари вақти...

Хитойда аниқланиб, сўнгра кўплаб давлатларига кириб борган COVID-19 коронавируси билан боғ...

Дубай Гран-при мусобақасида Ўзбекистон п...

Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида 10—14 февраль кунлари пара енгил атлетика бўй...

Бутунроссия бадиий гимнастика федерацияс...

Москвада ўтказилган бадиий гимнастика бўйича учинчи халқаро онлайн-турнирнинг гуруҳ машқла...

Сўнгги янгиликлар