Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбЎзбекистон дунё нигоҳидаЯна рукнларАрхив

30/Январь/2023   Таълим

Тошкент Давлат шарқшунослик университети Саудия Арабистони олий таълим муассасалари ва илмий марказлари билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилмоқда

АР-РИЁД, 30 январь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Тошкент Давлат шарқшунослик университети ректори Гулчеҳра Рихсиева бошчилигидаги делегациянинг Саудия Арабистонига амалий сафари ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.


 Сафар давомида Саудия Арабистонинг бир қатор нуфузли университет ва илмий-тадқиқот марказларида мулоқотлар  ўтказилди.

Хусусан, араб тилини ўргатишга ихтисослашган «Arabic for All» маркази директори Муҳаммад Ол аш-Шайх билан музокаралар бўлиб ўтди. Мулоқот аввалида Ўзбекистонда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, таълим тизимини такомиллаштириш, профессор-ўқитувчиларга муносиб шароитлар яратиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақидаги маълумотлар тақдим этилди.

Томонлар Ўзбекистон олий таълим муассасалари, хусусан, Тошкент Давлат шарқшунослик университети ва «Arabic for All» маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, араб тили мутахассисларини тайёрлаш, араб тили ўқитувчилари учун махсус курслар ташкил қилиш ва дастурлар тайёрлаш, ўқитувчи ва талабалар алмашувини йўлга қўйиш масалаларини муҳокама этди.

«Марказимиз дунёнинг кўп давлатлари билан араб тилини ўргатиш борасида ҳамкорлик қилади. Бироқ уларнинг орасида Ўзбекистон алоҳида ўрин тутади. Биз Ўзбекистонни буюк аллома Имом Бухорий ва унинг 35 миллиондан ортиқ авлодлари юрти сифатида биламиз ва қадрлаймиз. Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш биз учун катта шарафдир», деди  Муҳаммад Ол аш-Шайх.

«Arabic for All» маркази директори, шунингдек, Тошкент Давлат шарқшунослик университети профессор-ўқитувчилари ва талабаларининг малакасини ошириш, араб тили ўқитилишининг замонавий услубларини биргаликда жорий этиш, жаҳон стандартларига мос келадиган янги ўқув адабиётларини шерикликда яратиш борасида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Мулоқот якунида Тошкент Давлат шарқшунослик университети ва «Arabic for All» маркази ўртасида ҳамкорликка оид Англашув меморандуми имзоланди.

Тошкент Давлат шарқшунослик университети делегацияси, шунингдек, Подшоҳ Салмон халқаро араб тили академияси Бош котиби доктор Абдулла бин Солиҳ ал-Вашмий билан музокаралар ўтказди.

Гулчеҳра Рихсиева универтитетнинг кўплаб давлатлар олий таълим муассасалари  билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатганлиги, мамлакатимизда хориж университетлар ўз филиалларини очаётганлигини айтди. Ўзбекистонда талабаларнинг араб тилини ўрганишга бўлган қизиқишини инобатга олиб, университетда араб давлатлари тарихи, ташқи сиёсати ва араб тили филологияси факультети фаолият олиб боришини маълум қилди.

Ўз навбатида, Абдулла бин Солиҳ ал-Вашмий буюк аллома Маҳмуд аз-Замахшарий юрти вакилларини ўз академиясида қабул қилиш катта шараф эканлигини маълум қилди. «Хорижий давлатларда араб тили ва унинг грамматикасини ўргатиш билан шуғулланар эканмиз, шу кунгача Маҳмуд аз-Замахшарийнинг 1121 йилда муқаддас Макка шаҳрида ёзилган «Ал-Муфассал» асарига таянамиз. Биз Ўзбекистонни буюк Замахшарий орқали таниганмиз ва юксак қадрлаймиз», деди у.

Подшоҳ Салмон Халқаро араб тили академияси Бош котиби  Саудия грантлари асосида икки томон тадқиқотчилари иштирокида араб тилини ўқитиш назариясига бағишланган китобни яратиш, «Ўзбекча-арабча луғат» тайёрлаш таклифларини ҳам илгари сурди.

Ўзбекистон делегациясининг Саудия Арабистонига сафари давом этмоқда.

Мавзуга оид

Ўзбекистондаги Президент мактаблари ўқув...

Мамлакатимизнинг Куала-Лумпурдаги элчиси Равшан Усмонов Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳуз...

Урал федерал университети раҳбарияти бил...

Ўзбекистоннинг Екатеринбургдаги Бош консулхонаси ходимлари Урал федерал университети раҳба...

Нагоя иқтисодиёт университети Ўзбекисто...

Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси вакиллари Нагоя иқтисодиёт университети президенти Са...

Сўнгги янгиликлар