03/Февраль/2023 Таълим
ЖИДДА, 3 февраль. /«Дунё» АА/. Тошкент давлат шарқшунослик университети (ТДШУ) ректори Гулчеҳра Рихсиева бошчилигидаги делегация аъзолари Саудия Арабистонига сафар чоғида Подшоҳ Абдулазиз номидаги университет (KAU) ректори вазифасини бажарувчи Ҳана бинт Абдуллоҳ ан-Наим билан учрашдилар, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Суҳбат аввалида Ҳана бинт Абдуллоҳ ан-Наим 2022 йил август ойида Ўзбекистон Президентининг Саудия Арабистонига ташрифидан сўнг турли соҳаларда ўзаро ҳамкорликнинг жадаллашганини ва сўнгги олти ой ичида ўзаро делегациялар алмашуви фаоллашганини қайд этди. У Саудия Арабистони ҳудудида асли миллати ўзбек бўлган бухорийлар диаспорасининг мавжудилиги икки давлат тарихи ва урф-одатларининг муштарак эканлигидан далолат беришини айтди.
«Ҳозирги кунда талабалар сони 200 мингдан 110 мингга қисқартирилганлиги оқибатида ўқитувчилар сони кўпчиликни ташкил этмоқда. Шу боис, Подшоҳ Абдулазиз номидаги университетнинг тажрибали ўқитувчиларини Тошкент давлат шарқшунослик университетида таълим беришлари учун Ўзбекистонга юбориш имконияти мавжуддир», деди Ҳана бинт Абдуллоҳ ан-Наим.
Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори Гулчеҳра Рихсиева Саудия томонига Ўзбекистонда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, таълим тизимини такомиллаштириш, профессор-ўқитувчиларга муносиб шароит яратиш борасида изчил ишлар олиб борилаётгани ҳақида сўзлаб берди.
Музокаралар чоғида араб тилини ўқитиш соҳасида ТДШУ ўқитувчилари учун қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш, турли соҳаларда ўзбекистонлик талабалар учун бакалавр ва магистратура босқичларида стипендиялар ажратиш, ўзаро алмашувлар йўналишида ҳамкорлик қилиш таклифлари билдирилди.
Томонлар, шунингдек, ТДШУ ҳузурида ташкил этилаётган «Маҳмуд Замахшарий номидаги илмий-тадқиқотлар маркази»ни барпо этишда Саудия томонининг иштироки, хусусан, Подшоҳ Абдулазиз номидаги университет кутубхонасидаги мавжуд адабиётларнинг тақдим этилиши юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
Ўзбекистон вакили, шунингдек, KAU ректори ва университет профессор-ўқитувчиларини мамлакатимизда жорий йили ўтказиладиган халқаро илмий тадбирларда иштирок этишга таклиф қилди.
Ўтказилган музокаралар натижасида ТДШУ ва KAU ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Англашув меморандуми лойиҳасини келишиш ва имзолашга аҳдлашиб олинди.
Маълумот учун: Подшоҳ Абдулазиз номидаги университет 1967 йилда Жидда шаҳрида барпо этилган. Ҳозирги кунда 110 минг нафар талабага 2500 дан ортиқ профессор-ўқитувчилар таълим бермоқда. Мазкур олий таълим муассасасида иқтисодиёт, гуманитар фанлар, илм-фан, муҳандислик, тиббиёт, астрономия, денгиз фанлари, ҳуқуқ, атроф муҳитини муҳоқаза қилиш, қишлоқ хўжалиги, метеорология, стоматология, фармацевтика факультетлари мавжуд.