07/Февраль/2023 Таълим
ҚОҲИРА, 7 февраль. /«Дунё» АА/. Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори Гулчеҳра Рихсиева бошчилигидаги делегация Қоҳира университети ректорининг биринчи ўринбосари Муҳаммад ал-Аттор билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мулоқот чоғида Ўзбекистонда олий таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, кадрлар тайёрлашнинг янги тизими тўғрисида маълумот тақдим этилди.
Қоҳира университети ректорининг биринчи ўринбосари имом Бухорий, Ибн Сино, Замахшарий, Хоразмий ва бошқа кўплаб буюк сиймолар юртидаги олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдорлигини изҳор этди.
Учрашувда Қоҳира университетида ўзбек тилини ўқитиш учун адабиётлар билан таъминлаш, ўзаро талабалар ва ўқитувчилар алмашиш бўйича ҳамкорлик қилишга эътибор қаратилди.
Музокаралар якунида томонлар учун манфаатли бўлган ҳамкорлик йўналишларини қамраб олувчи ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш ва имзолашга келишиб олинди.
Қоҳира университети Мисрдаги Европа услубидаги илк университет бўлиб, у 1908 йилда ташкил этилган. Олий билим юрти таркибида 25 та факультет, 2 та илмий марказ ва 1 та институт мавжуд. 270 мингдан ортиқ маҳаллий ва хорижий талабаларга 14 мингдан ортиқ ўқитувчилар томонидан билим берилмоқда. Талабалар сонига кўра дунёдаги энг йирик 50 та университет сафидан жой олган.
Университет битирувчиларидан 3 нафари Нобель мукофоти билан тақдирланган.
Қоҳира университетининг Тил ва адабиёт факультети Шарқ тиллари кафедрасида 4-курс талабалари учун ўзбек тили ҳам ўқитилади.