08/Март/2021 Спорт
ТОШКЕНТ, 8 март. /«Дунё» АА/. Кеча пойтахтимиздаги «Ҳумо арена» муз саройида дунёнинг 71 мамлакатидан 500 нафарга яқин дзюдочилар ташриф буюрган дзюдо бўйича Тошкент «Катта дубулға» мусобақаси ўз якунига етди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Гарчи Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари турнирда асосий таркиби билан иштирок эта олмаган бўлса ҳам, қўйилган мақсадга етишди, дейиш мумкин. Вакилларимиз беллашувлар давомида 2 та кумуш ва 4 та бронза медалларини қўлга киритди. Қайд этиш жоиз, жамоамиз бундан 9 йил аввал Москвада ўтган «Катта дубулға» турнирида ҳам 6 та медаль (3 олтин, 2 кумуш 1 бронза) жамғаришга муваффақ бўлган эди.
Мусобақалар якунига кўра, Япония дзюдочилари ажойиб натижа қайд этишди. 11 вазнда беллшувларда иштирок этган японларнинг барчаси медаль қўлга киритди. Улардан 9 таси олтин, яна биттадан кумуш ва бронза медаллардир. Турнир натижаларига кўра, Япония умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўринни Монголия терма жамоаси банд этган бўлса, кучли учликни Жанубий Корея якунлаб берди. Ўзбекистон терма жамоаси эса умумжамоа ҳисобида олтинчи ўринда қайд этилди.
Илк бор Тошкентда ўтказилган «Катта дубулға» турнири халқаро дзюдо федерация ва спорт жамоатчилиги томонидан барча йўналишларда эътироф этилди.