04/Декабрь/2022 Ўзбекистоннинг хориждаги ваколатхоналарида
ИСЛОМОБОД, 4 декабрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Исломободдаги элчиси Ойбек Усмонов Покистон иқтисодий алоқалар вазирининг биринчи ўринбосари Козим Ниёз билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Суҳбат чоғида Термиз-Мозори Шариф-Кобул-Пешовар трансафғон темир йўли қурилиши масалалари, Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича икки томонлама ҳукуматлараро комиссиянинг бўлажак мажлиси кун тартиби, шунингдек, иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Покистон вакили мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликнинг амалдаги даражасини юқори баҳолаб, товар айирбошлаш ва ўзаро инвестициялар ҳажмини ошириш мақсадида минтақавий ўзаро боғлиқлик лойиҳаларини биргаликда амалга оширишга тайёрлик билдирди.
Ўзбекистон Покистоннинг минтақадаги ўта муҳим стратегик иқтисодий ҳамкори эканлиги таъкидланди. Исломобод ва Тошкентнинг минтақавий ҳамкорлик, иқтисодий ўзаро боғлиқлик ва транзит савдосини ривожлантириш борасидаги позициялари ва манфаатлари тўлиқ мос келади.