19/Январь/2022 Таълим
ТОКИО, 19 январь. /«Дунё» АА/. Кеча Нагоя шаҳридаги Шимолий юқори мактабининг 1-синф ўқувчилари ва Тошкент Давлат шарқшунослик университети қошидаги академик лицей ўқувчилари ўртасида онлайн маданий тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбир Тошкент ва Нагоя шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш тўғрисидаги Ҳамкорлик битими доирасида Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилди.
Ушбу онлайн тадбирда Тошкент Давлат шарқшунослик университети проректори Э.Маҳмудов, мазкур университет қошидаги Академик лицей директори Х.Султонов, шунингдек, ҳар икки томондан 60 нафарга яқин ўқитувчи ва ўқувчилар иштирок этди.
Маданий алмашув тадбири давомида мамлакатимиз ўқувчилари ўзбек оилаларидаги маънавий муҳит, миллий урф-одатларимиз ва маънавий меъросимиз, Ватанимиз тарихи, пойтахт – Тошкент шаҳрининг бугунги қиёфаси ва академик лицей фаолияти тўғрисида тақдимот ўтказдилар.
Япониялик ўқувчилар, ўз навбатида, Нагоя шаҳри, унинг таълим муассасалари, япон халқи маданияти, миллий таомлари ва ширинликлари ҳақидаги маълумотларни ўртоқлашдилар.
Тадбир якунида иштирокчилар Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги таълим ҳамда маданият соҳасидаги алоқаларни янада кучайтириш, икки мамлакат ёшларини ўзбек ва япон халқи мероси билан яқиндан таништириш мақсадида келгусида бундай учрашувларни мунтазам ўтказишга келишиб олдилар.