Uz / Ўз Ru En

Toshkent

16/Сентябрь/2020   Долзарб

Тошкентда 2020 йилги “Европа мобил ҳафталиги” бошланди


ТОШКEНТ, 16 сентябрь. /«Дунё» АА/. Тошкентда “Европа мобил ҳафталиги”нинг видеоконференция шаклидаги иккинчи компанияси ва “ROADPOL хавфсиз кунлари” ўз ишини бошлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбир Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан Транспорт вазирлиги ва Ўзбекистон велоҳамжамиятлар вакиллари билан ҳамкорликда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси молиявий кўмагида ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар ва Халқ таълими вазирликлари тадбирнинг ахборот ҳамкори сифатида иштирок этмоқда.

2020 йилги “Европа мобил ҳафталиги” атроф-муҳитга зарарли чиқиндиларни чиқармаслик, велосипедда ҳаракатланиш маданиятини ошириш ҳамда мактаб ўқувчилари ва ота-оналарнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича хабардорлигини оширишга қаратилган.

Тошкентда велосипедда ҳаракатланишни кенгайтиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Европа мобил ҳафталиги” доирасида #ТошкентВелоУчун шиори остида велосипедда ҳаракатланишнинг афзалликлари ва қоидаларини тушунтиришда рақамли ва ижтимоий медиа, шунингдек, ижтимоий тармоқлардаги анимацион постлардан фойдаланилади.

Бундан ташқари, болалар учун йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича таълимнинг аҳамиятини кенг оммага етказиш кўзда тутилган. Бунда “Йўл ҳаракати хавфсизлиги” акцияси давомида ижтимоий тармоқларда шаҳар хавфсизлиги бўйича муҳим масалаларга бағишланган қатор видеороликлар намойиш этилади.

– Бугунги пандемия шароитида шаҳарларда велосипед, электр скутер ва электр велосипедларнинг тез ривожланаётган транспорт турларидан бирига айланиб бораётганига гувоҳмиз, - дейди Тошкент шаҳар ҳокимлиги транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраев. – Бизнинг вазифамиз эса инфратузилмани ривожлантириш, янги пиёдалар ва велосипед йўлакларини қуриш, барча йўл ҳаракати иштирокчилари, шу жумладан болалар хавфсизлигини ошириш орқали ушбу ривожланишни қўллаб-қувватлашдан иборатдир.

Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимованинг қайд этишича, шаҳарда велосипед каби экологик тоза транспортларда ҳаракатланиш маданиятини янада ошириш Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган интилишлар, шунингдек, ҳудуд инновациялар концепциясининг ажралмас қисмидир.

Таъкидланишича, ушбу стратегик ёндашув асосида 2023 йилга қадар Тошкент шаҳрида велосипед ва пиёдалар йўлакларини сезиларли даражада кенгайтириш режалаштирилган. “Европа мобил ҳафталиги”га қўшилиш орқали ҳам айни мақсадларни рўёбга чиқариш кўзда тутилган.

– Сўнгги бир ойда ҳамжамият аъзолари сонининг ортиши ва ижтимоий тармоқлардаги фаоллик – велосипедда ҳаракатланувчилар жамоасининг тез суръатлар билан ўсиб бораётганига яна бир мисол, – дейди Ўзбекистон велосипед ҳамжамиятлари администратори Искандар Аҳмедов. – Ўзбекистонда хавфсиз ва барқарор ҳисобланган велосипедда ҳаракатланиш маданиятини тарғиб қилувчи асосий фуқаролик жамияти вакили сифатида ҳукумат ва маҳаллий ҳокимият органлари билан доимий мулоқот олиб борамиз. Тошкентнинг велосипедчиларни бирлаштирадиган дўст шаҳарга айланишига ишонувчи фаол тарафдорларни бирлаштирамиз.

Ўз навбатида, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Муваққат ишлари вакили Юсси Нарвининг билдиришича, велосипеднинг инсонлар ва жамоалар саломатлиги учун фойдаси, ҳаёт сифатини таъминлашдаги аҳамияти, атроф-муҳитга ижобий таъсири, ижтимоий барқарорлик ва шаҳарда транспорт ҳаракатини камайтириши Европанинг йирик шаҳарларида экологик тоза транспортнинг тобора оммалашиб боришига туртки бўлган омиллардандир. Ўзбекистонда бу йил ҳам “Европа мобил ҳафталиги”нинг ўтказилаётгани велосипедда ҳаракатланиш, хавфсиз ва барқарор шаҳар муҳити тўғрисида умумий тасаввур яратиш учун ҳукумат билан фуқаролик жамияти вакиллари ўртасида ҳамкорлик, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар ва фикр алмашишнинг ажойиб намунасидир.

“Велосипедда ҳаракатланишни энди ўрганаётганлар ва пиёдалар, хусусан, болаларнинг хавфсизлик ва қоидалар ҳақидаги билимини мустаҳкамлаш ушбу жараённинг асосий таркибий қисмларидан биридир. Биз Европанинг энг яхши тажрибаси билан ўртоқлашиш орқали ушбу жараёнда ёрдам беришга тайёрмиз”, - деди Юсси Нарви.

“Европа мобил ҳафталиги” Европа Комиссиясининг 2002 йилда бошланган ташаббусидир. 2019 йилда кампанияда дунёнинг 3 мингдан ортиқ, шу жумладан илк бор Тошкент шаҳри қатнашди.

Ҳафталик 22 сентябрга қадар давом этади, унинг доирасида қатор тадбирлар ўтказилади.

Мавзуга оид

Бельгияда «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»...

Ўзбекистоннинг Бельгия Қироллигидаги элчихонасида бир гуруҳ ватандошлар иштирокида «Ўзбек ...

Янги Ўзбекистон мавзуси Хитой оммавий ах...

Хитойнинг яна бир нашри «Diplomat Magazine» веб-саҳифасида мамлакатимизнинг Чин юртидаги э...

Ўзбекистон фуқароларининг чет давлатларг...

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-юридик департементи фуқароларг...

Сўнгги янгиликлар