Uz / Ўз Ru En

Toshkent

21/Январь/2021   Жамият

Тошкентда Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистон билан ҳамкорликка бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтди


ТОШКЕНТ, 21 январь. / “Дунё” АА/. Бугун Тошкент давлат шарқшунослик университети  Марказий Осиё халқаро институти ҳамда “Минтақавий мулоқот” халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда “Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги янги тенденциялар: Марказий Осиё мамлакатлари ва Афғонистон билан ўзаро муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари” мавзусида халқаро конференция ташкил этди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири Маҳмуд Бобоназаров.

Онлайн-форматда ўтказилган халқаро анжуманда Марказий Осиё масалалари бўйича етакчи экспертлар, олимлар, давлат органлари ва дипломатик корпус вакиллари иштирок этди. Шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон, Россия, Хитой, АҚШ, Бельгия, Беларусь, Буюк Британия, Испания, Франция, Жанубий Корея, Малайзия, Миср, Покистон ва бошқа давлатларнинг илмий жамоатчилиги вакиллари долзарб мавзуларда маърузалар тақдим этди.

Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори Гулчеҳра Риҳсиева тадбирни очар экан, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг янги тенденциялари, Марказий Осиё ва Афғонистон билан ҳозирги кундаги ҳамкорликнинг юқори даражасини қайд этди, халқаро анжуманнинг долзарблиги, мақсади ҳамда вазифаларига тўхталди. Давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган ташқи сиёсат натижасида кейинги йилларда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ва миллий институтларимизга бўлган ишонч тобора ортиб бораётгани, мамлакатимиз халқаро майдонда, айниқса, минтақавий масалаларни ечишда ишончли ва катта салоҳиятга эга ҳамкор сифатида эътироф этилаётганини таъкидлади.

Марказий Осиё халқаро институти директори Анвар Носиров Ўзбекистон Республикаси Президенти Олий Мажлисга Мурожаатномасида минтақамиз давлатлари билан дўстлик, яхши қўшничилик муносабатлари, стратегик шериклик ва ўзаро ишонч муҳитини янада мустаҳкамлаш мамлакатимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб қолишини таъкидлаганига эътибор қаратди.

Бугун Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва янгиланишлар жараёни минтақа мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга қулай имкониятлар тақдим этмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси ва қарори билан барпо этилган Марказий Осиё халқаро институти фаолияти ҳам ана шу эзгу мақсадларга қаратилган.

Ўзбекистон Ташқи ишлари вазирининг ўринбосари Фурқат Сидиқов, ўз навбатида, “ушбу халқаро анжуман янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати ҳамда мазкур амалга оширилаётган ишларни чуқур таҳлил қилишга мустаҳкам замин яратиши”ни алоҳида урғу бериб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида Ватанимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини янада юксалтириш, очиқ ва амалий ташқи сиёсат юритиш борасида аниқ “Йўл харитаси” белгилаб берилганини таъкидлади. 

“Йўл харитаси” Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятида устувор йўналиш экани, мамлакатимизнинг ташқи сиёсий фаолият концепциясини янги мазмун моҳият билан бойитиш ва уни ҳар жиҳатдан такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди. Мазкур жараёнда Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

“Минтақавий мулоқот” халқаро ташкилотининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси директори Мьюша Север тадбирда сўзга чиқиб, янги Ўзбекистон сўнгги йилларда эришган муҳим ютуқлар минтақадаги мамлакатлар учун намуна сифатида хизмат қилиши мумкинлигига эътибор қаратди.

Шунинг билан бирга Ўзбекистон қўшни давлатлар, жумладан Афғонистон билан дўстона муносабатларни мазмунан юқори даражага кўтарганини эътироф этди. У Марказий Осиё минтақасида Ўзбекистон Афғонистон учун ривожланиш моделига айланиши мумкинлигини алоҳида таъкидлади.

Анжуманнинг халқаро иштирокчилари Ўзбекистон сўнгги йилларда олиб бораётган фаол, мувозанатли ва кўп қиррали ташқи сиёсатига юқори баҳо берди.

Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари изчиллик касб этгани алоҳида таъкидланди. Шу билан бирга ушбу жараёнда Ўзбекистоннинг муҳим роли кўрсатиб ўтилди. Экспертларнинг фикрича, мамлакатимиз сиёсати минтақадаги савдо, иқтисодиёт, транспорт ва логистика, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда эришилган ижобий натижаларга асос бўлмоқда.

Иштирокчилар Ўзбекистоннинг Афғонистонга кўрсатаётган кенг қамровли ёрдамини юқори баҳолади.

Мазкур жараёнларни чуқур ўрганиш ва янада ривожлантириш мақсадида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Марказий Осиё халқаро институти ташкил этилгани, жорий йил Ўзбекистонда “Марказий ва Жанубий Осиё – минтақавий ўзаро боғликлик таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусида халқаро конференция, БМТ шафелигида инсон ҳуқуқлари бўйича таълим глобал форуми, Ёшлар ҳуқуқлари бўйича Бутунжаҳон ёшлар анжумани, диний эркинлик масалалари бўйича минтақавий анжуман ўтказишга тайёргарлик кўрилаётгани буни ёрқин ифодалаётгани таъкидланди.

Мавзуга оид

Ўзбекистон фуқаролари ўзларини ижтимоий ...

Мамлакатимизнинг Польшадаги дипломатик ваколатхонасида ҳамкор давлат Ички ишлар вазирлиги ...

Жанубий Корея халқаро ҳамкорлик агентлиг...

Ўзбекистон Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Жанубий Корея халқаро ҳамкорлик а...

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сен...

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари МДҲ Пaрлaмeнтлaрaрo Ассaмблeяси ишчи ...

Сўнгги янгиликлар