Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


24/Сентябрь/2021   Парламент

Тошкентда ўтказилган форумда янги Ўзбекистонда Миллий барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда қўлга киритилган натижалар ва истиқболли вазифалар муҳокама қилинди


ТОШКЕНТ, 24 сентябрь. /«Дунё» АА/. Бугун Тошкентдаги халқаро Вестминстер университетида «Янги Ўзбекистоннинг Миллий барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ): ютуқлар ва истиқболлар» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Замира Азизхонова.

Конференция Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати, Ёшлар ишлари агентлиги, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури, Жаҳон банки, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Тошкентдаги халқаро Вестминстер университети ҳамкорлигида ташкил этилди.

Анжуманнинг мақсади Ўзбекистонда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, уларнинг БРМга эришишдаги аҳамиятини муҳокама қилиш, бу борадаги билим ва тажриба алмашиш, илмий тадқиқотлар ва ривожланиш стратегияларининг натижалари юзасидан фикр юритиш ҳамда ўзаро ҳамкорлик бўйича йўл хариталарини белгилаб олишдан иборат бўлди.

Форумда таниқли олимлар, давлат ва хусусий сектор, халқаро агентликлар, идора ва таҳлил марказлари вакиллари қатнашди. Хусусан, БМТ Барқарор ривожланиш истиқболлари тармоғи (SDSN) президенти профессор Жеффри Сакс асосий маърузачи бўлди.

- Ўзбекистон учун муваффақиятли трансформация давридаги асосий йўналишлардан бири қўшни давлатлар билан яқин ҳамкорлик ва «Бир макон, бир йўл» каби минтақавий дастурлардаги фаол иштирок бўлди. Бу эса мамлакатнинг Марказий Осиёнинг транспорт, тижорат ва молиявий маркази ҳамда Шарқий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги кўприк вазифасини ўташида ёрдам беради, - деди профессор Жеффри Сакс.

Анжуманда Ўзбекистонда Миллий барқарор ривожланиш мақсадлари республикани 2017–2021 йилларда ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида  амалга оширилаётгани қайд этилди. Мамлакатнинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда COVID-19 пандемияси туфайли юзага келган қийинчиликларга қарамай, Ўзбекистон ислоҳотларни давом эттирмоқда, хусусан, хусусий сектор ва аҳолининг энг ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳларини қўллаб-қувватлаш учун молиявий, иқтисодий ва тартибга солиш чораларини ўз ичига олган инқирозга қарши тизимли тадбирлар қўлланмоқда.

- Барқарор ривожланиш мақсадлари қамраб оладиган масалалар, ҳеч муболағасиз, мамлакатимиз тараққиётини, керак бўлса тақдирини ҳал қилувчи йўналишларни ўз ичига олган, - деди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев. - Бу жараён натижалари парламент, олим ва экспертлар, нодавлат ташкилотлар ва кенг жамоатчилик томонидан кузатиб борилиши жуда муҳим. Бинобарин, бу борада парламент назоратининг энг муҳим йўналишларидан бири – мамлакатимиз томонидан ўз зиммасига олган мажбуриятлар бажарилишини таъминлашдир. Барқарор ривожланиш мақсадлари кўзда тутган вазифаларни доимий равишда илмий таҳлил қилиш, ҳукумат ва парламент учун амалий аҳамиятга эга бўлган тавсияларни ишлаб чиқиш – эксперт ҳамжамиятининг ғоятда муҳим вазифасидир. Дарҳақиқат, мамлакатимизда амалга оширилаётган Стратегиянинг бош ғояси – фуқаролик жамияти институтлари ролини кучайтириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, камбағалликни камайтириш, ҳар бир кишини кафолатли даромад манбаи билан таъминлаш ҳамда барқарор экологик ривожланишга эришишдан иборатдир. Асосий мақсад – 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадлар миқдори бўйича даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига киришдир.

Конференция давомида БРМга эришиш ҳамда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни БРМ билан уйғунликда амалга ошириш жараёнидаги энг яхши халқаро тажрибаларни аниқлаш, халқаро экспертлар кузатувлари ва Ўзбекистонда Миллий барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш кўрсаткичлари, халқаро тадқиқот ҳамжамияти томонидан олиб борилган илмий ишлар, шу жумладан Марказий Осиё ҳамда Ўзбекистон бўйича тадқиқотлар натижалари, республика миқёсида амалга оширилиши режалаштирилган «БРМ ёш элчилари» ёшлар ташаббуси бўйича таклифлар хусусида фикр алмашилди.

- Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасидаги ютуқлари ва келгусида уни мамлакатдаги ислоҳотларнинг навбатдаги босқичи сифатида тезлаштириш истиқболларини муҳокама қилиш учун ушбу анжуманда иштирок этиш БМТ Тараққиёт дастури учун шараф, - деб таъкидлади БМТ ТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска. Ўзбекистон бу борада бугунги кунда муайян ютуқларга эришди. Ушбу натижалар мамлакатда ўтган йили тайёрланган ихтиёрий миллий ҳисоботда эълон қилинган. БРМга эришиш бўйича парламент комиссияси ташкил этилган. Биз БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясида Ўзбекистон Президентининг нутқида барқарор тараққиётга бўлган қатъиятни кўрдик. БМТ ТД ушбу дастурларни тўла қўллаб-қувватлашга тайёр.

Ташкилотчилар томонидан Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг Миллий барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги аҳамияти умумлаштирган альманах – тасвирий ҳисобот тайёрланди ва иштирокчиларга тарқатилди. Альманах Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш тўғрисидаги хабардорликни оширишга қаратилган.

Мавзуга оид

Олий Мажлис Сенати Раиси Россия элчиси б...

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева кеча Россия элчиси Олег Мальгиновни ...

Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўри...

Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев АҚШнинг «Crow Holdings» ком...

Сенаторлар ХМТнинг Меҳнат хавфсизлиги ва...

Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида парламент аъзолари ХМТнинг Меҳнат хавфсиз...

Сўнгги янгиликлар