Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбЎзбекистон дунё нигоҳидаЯна рукнларАрхив

07/Февраль/2023   Саналар

Тошкентда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги тантанали равишда нишонланди

ТОШКЕНТ, 7 февраль. /«Дунё» АА/. Кеча Тошкентда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.


Дўстлик кечасида вазирлик, идоралар ва жамоат ташкилотлари етакчилари, маданият ва санъат намояндалари, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик миссиялар раҳбарлари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Байрам кечаси иштирокчиларини Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев ва Туркманистон элчиси Язгули Маммедов қутлаб, уларни ушбу муҳим сана билан қизғин табриклади.

– Туркманистон билан 2017 йилда стратегик шериклик тўғрисидаги битим имзоланган бўлса, ўтган йилда муносабатларимиз чуқурлашган стратегик шериклик даражасигача олиб чиқилганини мамнуният билан қайд этиш ўринлидир, – деди Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев. – Савдо-иқтисодий ҳамкорликда салмоқли кўрсаткичларга эришилди. Ўзаро савдо айланмаси сўнгги йилларда 5 баробарга ортиб, қарийб 1 миллиард долларга етди.

– Икки қардош давлат ўртасида ўрнатилган олий даражадаги алоқалар, очиқ ва ишончли мулоқот стратегик муносабатлар учун мустаҳкам асос бўлаётганини қувонарли ҳол, – деди Туркманистон элчиси Язгули Маммедов. – 2022 йилда икки давлат раҳбарлари уч марта – Тошкент, Самарқанд ва Ашхободда учрашдилар. Савдо-иқтисодий шериклик, маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган турли тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда. Ҳукуматлараро комиссия мажлислари, ишбилармон доираларнинг учрашувлари фаол ташкил этилмоқда, ўтган йили Бухорода биринчи Туркманистон-Ўзбекистон минтақалараро форуми бўлиб ўтди. Сиёсий йўналишда мамлакатларимиз фаол ҳамкорлик қилмоқда, икки ва кўп томонлама форматларда бир-бирини муваффақиятли қўллаб-қувватламоқда.

Тантанали кечанинг ёрқин ва бой концерт дастури асрлар давомида ёнма-ён яшаб келаётган ўзбек ва туркман халқларининг чинакамига самимий дўстлиги, қардошлиги ва яхши қўшничилигининг тимсоли бўлди.

Байрам доирасида ташкил этилган миллий амалий санъат, ҳунармандчиликнинг ёрқин намуналари, фотосуратлар ва “Туркий адабиёт дурдоналари” китоб жилдлари кўргазмалари тантанали тадбир иштирокчиларида алоҳида қизиқиш уйғотди.

Дипломатик корпус вакиллари ва байрам кечасининг бошқа меҳмонлари Ўзбекистон-Туркманистон дипломатик муносабатларининг юбилей санаси муносабати билан ўз табрикларини изҳор этди.

Гулдана Авездурдиева, Ўзбекистон туркман миллий маданий маркази раиси:

– Бугун туркман ва ўзбек халқлари учун тарихий кун – мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини биргаликда кенг нишонламоқдамиз, эришилаётган ютуқларимиздан қувонмоқдамиз.

Биз давлатларимиз раҳбарларига халқларимиз тарихидаги ушбу муҳим воқеага берилаётган юксак эътибор учун чуқур миннатдорлик билдирамиз.

Бугунги тадбирда ҳам асл ҳунармандчиликнинг ажойиб намуналари, анъанавий қадриятларимиз намойиш этилмоқда, икки халқнинг бетакрор мусиқа санъати дурдоналари янграмоқда. Биз буюк алломаларимиз Алишер Навоий ва Маҳтумқули меросига ҳурмат бажо келтирамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, ўзбек ва туркман халқларини ушбу қутлуғ сана билан табриклайман, дўстлигимиз мустаҳкам ва абадий бўлсин, мамлакатларимиз равнақ топиб, бир-бирига доимо мустаҳкам ва ишончли шерик бўлиб қолсин!

Ежи Мацулевич, Ватикан Муваққат ишлар вакили:

– Бугун Марказий Осиёнинг икки қўшни давлати – Ўзбекистон ва Туркманистон учун катта байрам. Бу мамлакатларни умумий тарих, маданият, тил, лекин энг муҳими – самимий дўстлик ва ўзаро тушуниш бирлаштириб келмоқда.

Биз ўзаро ҳамкорлик йиллари давомида мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар чуқурлашган стратегик шериклик даражасига кўтарилганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бундан барчамиз мамнунмиз, чунки мазкур воқелик Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарорлик, тараққиётга хизмат қилувчи муҳим омилдир.

Икки давлат табиий ресурсларга бой ҳамда бу жиҳат ўзаро манфаатли ва самарали муносабатларни ривожлантириш учун яхши асос бўлмоқда. Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги, шунингдек, бутун Марказий Осиё даражасидаги ҳамкорлик янги суръат касб этгани жуда қувонарлидир. Бу ўзаро тушуниш ва қўллаб-қувватлашнинг юқори даражасидан далолат беради.

Ўзбек ва туркман халқларини ушбу дўстлик байрами билан табриклайман, уларга фаровонлик тилайман!

Зураб Абдушелишвили, Грузия элчиси:

– Ўзбекистон бугун, биринчи навбатда, минтақа салоҳиятини мустаҳкамлаш ва юксалтириш, Европа ва Осиё ўртасидаги ушбу муҳим маконда самарали, ўзаро манфаатли икки ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги ташаббуслари билан ҳақли равишда Марказий Осиёда етакчи давлат саналади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг минтақада дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган минтақавий сиёсатининг қадри юксакдир. Бу сиёсат “Қўшнинг тинч - сен тинч” деган азалий ҳикмат асосида қурилган. Бу эса мутлақо оқилона ва вақт синовидан ўтган ёндашув бўлиб, мазкур ҳикматли тушунча бугунги кунда барча Марказий Осиё мамлакатлари учун умумий шиорга айланганидан хурсандмиз.

Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаш муносабати билан икки қўшни давлат ўртасидаги алоқалар даражаси минтақанинг барча мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликка ҳам хос бўлган дўстлик ва яхши қўшничиликнинг яққол намунаси эканини таъкидламоқчиман.

Муса Жаманбоев, Қирғизистон элчиси:

– Минтақада барчамиз қўшнимиз, Ўзбекистон ва Туркманистон ҳам яқин қўшниларимиздир. Барчамизни кўп асрлик ришталар боғлаб турибди ва бугун биз дўстларимиз билан биргаликда икки дўст давлатлар ўртасидаги дипломатик муносабатларнинг 30 йиллигини нишонлаяпмиз.

Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда мисли кўрилмаган даражага кўтарилганидан мамнунмиз ва икки давлат бундай ҳамкорликни муваффақиятли давом эттиришига ишонамиз.

Халқларимизда “Узоқ қариндошдан яқин қўшни афзал” деган нақл бор. Биз ҳам қариндош, ҳам қўшнилармиз. Бугун эса барчамиз буни яхши англаяпмиз ва умумий тараққиётимиз манфаатларига хизмат қилишга интилаяпмиз.

Биз биродарларимизни чин юракдан табриклаймиз ва самарали ҳамкорликни ривожлантиришда янада улкан муваффақиятлар тилаймиз!

Ҳусейн Гулиев, Озарбайжон элчиси:

– Ушбу муҳим кунда Марказий Осиё минтақасининг халқаро майдондаги роли тобора ортиб бораётганини алоҳида таъкидламоқчиманки, бу кўп жиҳатдан Ўзбекистон томонидан олиб борилаётган очиқ ва конструктив минтақавий сиёсат, шунингдек, ушбу сиёсатнинг барча Марказий Осиё давлатлари бир овоздан қўллаб-қувватланаётгани самарасида амалга оширилди.

Барчамизга маълумки, яқин вақтгача минтақа салоҳиятининг тўлиқ очилишига, ундан унумли фойдаланишига тўсқинлик қилган қатор ҳал этилмаган масалалар бор эди. Бироқ бугунги кунда минтақа давлатлари раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли жуда қисқа вақт ичида мамлакатлар ҳақиқий дўст, ака-ука ва қўшни сифатида барча масалалар бўйича келишувларга эришмоқда. Улар ўзининг самарасини бермоқда ва бу ҳамма учун бирдек катта ютуқдир.

Ўзбекистоннинг минтақадаги бирлаштирувчи ролини олқишлаймиз, барча қўшни давлатларга тинчлик ва халқлар фаровонлиги йўлида муваффақиятли ҳамкорлик қилишни тилаймиз.

Мавзуга оид

Озарбайжонда буюк шоир ва мутафаккир Али...

Боку шаҳрида буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 582 йиллиги муносабати би...

Франциядаги ватандош: Ўзбекистон рамзлар...

Францияда таълим олаётган ватандош Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинганинин...

Ўзбекистон элчихонаси томонидан Алишер Н...

Мамлакатимизнинг Бенилюкс мамлакатларидаги элчихонаси томонидан жорий йил 18 февраль куни ...

Сўнгги янгиликлар