19/Январь/2022 Долзарб
ТОШКЕНТ, 19 январь. /«Дунё» АА/. 18-19 январь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон томони раислигида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси (ШҲТ МАТ) биносида ташкилот фаолиятининг ҳуқуқий масалалари бўйича вазирликлараро маслаҳатлашувлар ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбир давомида ташкилотнинг асосий ҳужжатлари, кузатувчилар билан ўзаро ҳамкорлик, шунингдек, ШҲТ ҳуқуқий маълумотларининг электрон базасини яратиш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Маслаҳатлашувларда ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши, Ҳукумат раҳбарлари кенгаши (Бош вазирлар) ва Вазирлар кенгашининг айрим қарорларини бекор қилиш тўғрисидаги ҳужжатлар лойиҳалари ҳам келишиб олинди.
Тадбирда Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирликларининг юридик хизматлари вакиллари гибрид форматда иштирок этди.