20/Апрель/2022 Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги
ТОШКЕНТ, 20 апрель. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон томони раислигида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар ваколатли органлари раҳбарларининг гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашиш бўйича 12-мажлисининг асосий мавзуси гиёҳванд моддалар савдосида замонавий ахборот ва телекоммуникация технологиялари ҳамда электрон молиявий тизимлардан фойдаланишнинг олдини олиш бўлди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ҳиндистон наркотикларни назорат қилиш бюросидан Сатья Прадхан, Қозоғистон ички ишлар вазирлиги ходими Асқар Мухаметкалиев, Хитой жамоат хавфсизлиги вазирлиги вакили Лян Юн, Қирғизистон ички ишлар вазирлиги вакили Нурлан Турусбеков, Покистон наркотикларни назорат қилиш вазирлиги ходими Рашид Минхас, Россия ички ишлар вазирлиги вакили Кирил Смуров, Тожикистон Президенти ҳузуридаги Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш бошқармасининг Илмий-техникавий ҳамкорлик масалалари агентлиги вакили Раҳмонали Раҳимзода иштирок этган йиғилишда ШҲТ маконида гиёҳвандлик моддаларига қарши курашнинг ҳолати ва уни янада жадаллаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Тадбирнинг очилиш қисмида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази директори Олим Нарзуллаев, ШҲТ Бош котиби Чжан Мин ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Руслан Мирзаев мартабали меҳмонларни қутладилар.
«Бугунги кунда гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашиш мавзуси минтақада пайдо бўлаётган гиёҳвандлик ҳолати ва ШҲТга аъзо давлатлар хавфсизлигига аниқ-равшан таҳдид фонида тобора долзарб тус олмоқда. 2021 йил Ўзбекистонда гиёҳванд моддалар билан боғлиқ вазият афғон афюнлари ноқонуний савдосининг кенгайиши, хусусан, синтетик гиёҳвандлик воситаларининг интенсив тарқалиши билан тавсифланди. Асосий муаммолар орасида кучли гиёҳванд моддаларни суистеъмол қилишни кучайтириш тенденцияси ҳам мавжуд», деди Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази директори Олим Нарзуллаев ўз нутқида.
ШҲТ Бош котиби Чжан Мингнинг таъкидлашича, «Минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ШҲТни ташкил этишнинг бошланғич нуқтаси бўлиб, гиёҳванд моддалар савдосига қарши кураш бу соҳалардаги ҳамкорликнинг ажралмас қисмидир. ШҲТ турли таҳдидларга, жумладан, гиёҳванд моддаларга қарши курашиш орқали минтақа хавфсизлиги ва дунё учун барқарор ижобий энергияни таъминлайди».
Мажлисда БМТнинг уч асосий конвенциясига асосланган гиёҳванд моддалар устидан назорат қилиш бўйича халқаро тизимни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлашга, марказий мувофиқлаштирувчилик ўрнига эга бўлган ва бу соҳада қарор қабул қилувчи орган ҳисобланадиган БМТнинг Гиёҳвандлик воситалари бўйича комиссияси йўлига содиқлик билдирилди.
Делегациялар раҳбарлари ШҲТга аъзо давлатларнинг 2018-2023 йилларга мўлжалланган гиёҳвандликка қарши кураш стратегиясини амалга ошириш бўйича ҳаракат дастурининг бандларини амалга ошириш бўйича иш режасини ҳаётга тадбиқ этиш ва гиёҳвандликка қарши курашда ШҲТнинг асосий ҳужжатлари доирасида самарали ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга чақирдилар.
Гиёҳванд моддаларни тарқатишнинг глобал муаммоси, биринчи навбатда, Афғонистон ва минтақавий ҳамда халқаро хавфсизликка жиддий хавф туғдирадиган «Олтин ярим ой» зонасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни ноқонуний ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсиб бораётганига ташвиш билдирилди.
Синтетик дорилар ва янги психотроп моддаларнинг тез тарқалиши ҳамда уларни суиистеъмол қилиш, шунингдек, гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқаришда ишлатиладиган кимёвий моддаларнинг ноқонуний савдоси кўпайиши минтақавий хавфсизлик ва барқарорликка жиддий таҳдид солаётгани таъкидланди.
Миллий, минтақавий ва глобал хавфсизликка салбий таъсир кўрсатадиган гиёҳванд моддалар савдоси ва гиёҳванд моддалар тушумини айлантиришда замонавий ахборот-телекоммуникация технологиялари ва электрон молиявий тизимлардан фойдаланишга қарши курашиш муҳимлиги таъкидланди.
Делегациялар раҳбарлари Ўзбекистон Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё мамлакатларини қамраб олган гиёҳвандликка қарши кураш бўйича қўшма чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ташаббуси ўз вақтида илгари сурилгани ва долзарблигини, ушбу ҳудудларнинг тарихий яқинлигини ва Афғонистондан келаётган наркотик таҳдидга қарши кураш нуқтаи назардан ШҲТ билан ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини қайд этдилар.
Тадбир иштирокчилари гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашишда умумий ёндошув ва ҳамкорликни янада ривожлантириш, шунингдек, БМТ ҳамда бошқа гиёҳвандликка қарши кураш платформаларида гиёҳванд моддаларни назорат қилиш бўйича мавжуд халқаро тизимни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш ниятини яна бир бор тасдиқладилар.