20/Май/2022 Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги
ТОШКЕНТ, 20 май. /«Дунё» АА/. Бугун Тошкентда Ўзбекистон раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо мамлакатлар жисмоний тарбия ва спорт вазирликлари ҳамда идоралари раҳбарларининг навбатдаги учрашуви гибрид шаклда бошланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Учрашувда спорт соҳаси раҳбарлари ва тегишли тузилмалар вакиллари ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида юқори даражадаги спорт мусобақаларини ташкил этиш, спорт соҳасида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилади. Шунингдек, томонлар соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, ёш авлод вакилларини спорт машғулотларига жалб этиш бўйича кенг кўламли лойиҳалар борасида ўзаро тажриба алмашади.
Таъкидлаш жоизки, учрашув доирасида ШҲТга аъзо давлатларнинг жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш учун масъул бўлган тегишли вазирлик ва идоралари ўртасида 2022-2024 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси»ни амалга ошириш режаси тасдиқланади.
Бундан ташқари, ШҲТ спорт жабҳаси раҳбарлари аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, спорт орқали дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш, спортчиларни рағбатлантириш, Олимпия ҳаракатини ривожлантиришда ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича фикр алмашадилар.