06/Май/2022 Илм-фан
ТОШКЕНТ, 6 май. ««Дунё» АА/. Жорий йил 10-11 май кунлари Тошкентда «Коинот технологиялари ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишдаги роли» мавзусида Space Technology Conference STC-2022 биринчи халқаро конференцияси бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Халқаро илмий анжуман «Ўзбеккосмос» агентлиги ва Буюк Британиянинг «Dialogue Events Ltd.» компанияси ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Унда Қозоғистон Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлигининг Аэрокосмик қўмитаси, Туркия космик агентлиги (TUA), Озарбайжон космик агентлиги (Azercosmos), Бирлашган Араб амирликлари космик агентлиги, Қирғизистон Рақамли ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Алоқа соҳасини тартибга солиш ва назорат қилиш хизмати, БМТнинг космик макон масалалари бўйича бошқармаси, БМТнинг Осиё ва Тинч океани Иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (ЭСКАТО), шунингдек, космик фаолият соҳасидаги етакчи компаниялар вакилларининг иштирок этиши кутилмоқда.
Конференцияда «Марказий Евроосиёда барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш учун космик технологияларидан фойдаланиш», «Барқарор ривожланишда Ерни кузатишнинг роли: дастур ва хизматларни қўллаш ва тақдим этиш», «Янги сунъий йўлдош технологиялари: уларни лойиҳалаш, ишлаб чиқариш, ишга тушриш», «Сунъий йўлдош алоқаласи: ҳукумат, бизнес истеъмолчи», «Сунъий йўлдош ва Учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланган ҳолда, хизматларни тақдим этиш: дунёда хавфсиз, самарали ва барқарор ишни таъминлаш», «Коинотнинг барқарор ривожланиши – панелли муҳокама» каби мавзулар муҳокама қилинади.