Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


15/Июль/2021   Марказий Осиё

Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон: Йигирма йиллик фаолияти давомида ШҲТ халқаро сиёсат соҳасида таъсирчан ташкилот сифатида эътироф этилди


ТОШКEНТ, 15 июль. /"Дунё" АА/. Жорий йил Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) ташкил этилганига 20 йил тўлди. 2001 йил 15 июнь куни Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарларининг учрашувида ШҲТни ташкил этиш тўғрисидаги декларация имзоланган.

"Дунё" АА Тожикистон Президенти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг амалдаги раиси Эмомали Раҳмоннинг ташкилот юблейига бағишланган мақоласини чоп этмоқда.

ШҲТнинг 20 йиллиги: тинчлик ва фаровонлик учун ҳамкорлик

Тожикистон Республикаси давлат мустақиллигининг илк кунлариданоқ «очиқ эшиклар», тинчликпарварлик ва беғараз сиёсат усулига таянган ҳолда, жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари билан тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро самарали дўстона ҳамкорлик муносабатларини ҳамда уларнинг баъзилари билан стратегик шериклик алоқаларини ўрнатиб, кейинчалик уларни мустаҳкамлади. Тожикистон Республикасининг халқаро стратегиясида Марказий Осиё давлатлари билан қардошлик сиёсати ва кўп қиррали ҳамкорлик муҳим йўналишлардан бири саналади. Мамлакат чегаралари атрофида ишонч ва хавфсизлик муҳитини яратиш ушбу сиёсатнинг асосий мақсадларидан биридир.

Шунинг бараварида, давлатимизнинг ташқи сиёсати тегишли халқаро ва минтақавий ташкилотларда мамлакатнинг кенг ва таъсирчан иштирокини таъминлашга қаратилган. Шу сиёсатни татбиқ этиш орқали Тожикистон тинчлик ва хавфсизлик таъминланишида, яратувчан халқаро ҳамкорлик ва конструктив диалогларда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб, шунингдек, Тожикистоннинг устувор тараққиёти таъминланиши ва унинг давлатлараро ўрнини мустаҳкамлаш учун халқаро ва минтақавий ташкилотлар имкониятидан фойдаланади.

Бу йил Тожикистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллигини нишонлайди. Тарих нуқтаи назаридан қисқа бўлган ушбу фурсатда республикамиз дунёнинг 179 та давлати билан тўлиқ дипломатик алоқалар ўрнатиб, халқаро ва минтақавий аҳамиятга эга нуфузли ташкилотларнинг фаол аъзосига айланди.

Тожикистон Республикаси жаҳон ҳамжамияти билан халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида шериклик муносабатларини йўлга қўйиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихтисослашган муассасалари, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти ва Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти, шу билан бирга, тараққиёт шериклари, молиявий халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлади.

Маълумки, Тожикистон Республикаси кўп қиррали дипломатия соҳасида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти доирасидаги самарали ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади. Тожикистон Республикаси ташқи сиёсатида амал қилувчи ҳозирги концепциясида қуйидагича таъкидлангани бежиз эмас: «Тожикистон Республикасининг ШҲТдаги фаол иштирокидан мақсад: ташкилотнинг аъзо ва кузатувчи давлатлари ўртасида яхши қўшничилик муносабатлари, ишончлилик ва дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, минтақада тинчлик-тотувлик ҳамда устувор иқтисодий ривожланишни таъминлашдан иборат».

Шу боисдан, Тожикистон Республикаси мазкур ташкилот доирасидаги ўз фаолиятининг муҳим йўналишларини фақат хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорлик соҳасида эмас, балки маданий-гуманитар соҳаларидаги кўп томонлама ҳамкорликларини равнақ топшириш ҳамда мустаҳкамлашда ҳам кўради.

Тожикистон, шунингдек, ташкилотдаги кузатувчи давлатларнинг ШҲТ доирасида бугунги куннинг хавф-хатарлари ва таҳдидларига қарши кураш соҳасига жалб этилиши тарафдордир.

Қайд этиш жоизки, бу йил таъсис этилганлигининг йигирма йиллигини нишонлайдиган ШҲТ ўз фаолиятининг дастлабки кунларидан фақат минтақадаги эмас, балки ер юзидаги халқаро фаол ташкилот ва нуфузли орган эканини тасдиқлади.

Ўзининг йигирма йиллик тарихи давомида ШҲТ янги турдаги нуфузли халқаро ташкилотлардан бирига, мислсиз минтақавий тизимга айланиб, долзарб глобал муаммоларни бартараф этишда неча маротаба ўзининг умуминсонийлик хусусиятга эгалигини исботлади. Глобаллашув даври воқеа-ҳодисалари жараёни шуни кўрсатдики, ҳеч бир давлат ёлғиз ўзи куннинг хавф-хатар ва таҳдидларига қарши самарали кураш олиб боролмайди. Шу шароитда фақатгина барча давлатларнинг мувофиқлаштирилган ташаббуслари ва муштарак саъй-ҳаракатлари таъсирчан кучга эга.

Халқда “дўстнинг қадри бошга кулфат тушганда билинади”, деган нақл бор. COVID-19 пандемияси тарқалиши шиддатлашган шароитда ШҲТга аъзо давлатлар ўзаро боғлиқ эканлигини англаб, кўплаб муаммоларни ҳал этишда бир-бирини қўллаб-қувватлади. Жаҳон ҳамжамияти яна бир бор ташкилот таркибидаги мамлакатлар «Шанхай руҳи» қадрияти ва усулига содиқлигига ишонди.

ШҲТ бугунги тараққиёт босқичига эришиш ҳамда қудратли халқаро ташкилот сифатида вужудга келиши учун шаклланишнинг узоқ жараёнини бошдан кечирди. Бу каби ташкилотни таъсис этиш учун самарали ва ҳар томонлама ҳамкорликнинг даврини бошдан ўтказиши зарур эди.

Халқаро вазият ривожланиши ва ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари охирида минтақадаги хавфсизлик таҳдидлари шиддат билан ошганлиги сабабли, «Шанхай бешлиги»га аъзо давлатлар қаршисида масъулиятли қарор қабул қилиш зарурати вужудга келди. Кун сайин ортиб бораётган янгидан-янги таҳдид ва хатарларга қарши курашнинг муҳим воситаларидан бири сифатида такомиллаштирилган янги ташкилот ташкил қилиш учун келишувга эришиш даркор эди.

Ишларнинг воқеий ҳолатини инобатга олган ҳолда, давлат раҳбарлари «Шанхай бешлиги» асосида Хитой, Россия ва Марказий Осиёнинг ҳамма давлатларини ягона минтақавий ташкилотда бирлаштириб турувчи мукаммал ташкилот таъсис этиш асосларини шакллантиришга доир ташаббус кўрсатишга қарор қилди.

Олдинга қўйилган вазифалардан қатъий назар, кўплаб маслаҳат ишларини олиб бориш учун ҳукуматлараро қўшма комиссия ташкил этилди.

1999 йил 25 август куни Бишкекда «Шанхай бешлиги»нинг тўртинчи йиғилиши ўтказилди. Учрашувда давлат раҳбарларининг бешинчи йиғилишининг ўтказувчи ташаббускори сифатида Тожикистон тайинланди.

«Шанхай бешлиги»даги Тожикистон Республикаси раислиги 1999 йилнинг сентябрь ойидан 2000 йилнинг июлигача давом этди.

Ўз раислигимиз даврида «Шанхай бешлиги»нинг навбатдаги саммитини ўтказиш учун анча ташкилий ишларни амалга оширдик ҳамда Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти учрашувга таклиф этилди.

2000 йил 5 июль куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган «Шанхай бешлиги» давлат раҳбарларининг мулоқоти ўзига хос аҳамиятга эга тарихий воқеага айланди. Душанбеда «Шанхай бешлиги»га «Шанхай форуми» номи берилди. Айнан Душанбеда қабул қилинган ушбу қарор ШҲТ таъсис этилишига замин яратди.

Шу тартибда, «Шанхай бешлиги»ни айни пайтда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти номи билан машҳур бўлган халқаро минтақавий ташкилотга ўзгартиш тўғрисидаги таклиф Тожикистонда ўртага ташланди. 2000 йилдаги Душанбе декларациясида келгусидаги нуфузли минтақавий ташкилот - бугун жаҳоннинг сиёсий воқеаларида ўзининг алоҳида ўрнига эга бўлган ШҲТ мақсадларининг асосий ғоялари, вазифалари ва фаолиятининг муҳим йўналишлари кўрсатилган эди.

Кейинчалик, 2001 йил 15 июнь куни Шанхай шаҳрида давлат бошлиқларининг саммити ўтказилди ҳамда унда Ўзбекистон Республикасини «Шанхай бешлиги»га қўшиш тўғрисидаги қўшма декларация қабул қилиниб, «Шанхай бешлиги» доирасида ўзлаштирилган тажриба асосида ШҲТни таъсис этиш тўғрисидаги расмий ҳужжат имзоланди.

Инсоният янги асрга қадам ташлаши билан дунё янги қудратли халқаро тузилма вужудга келганлиги гувоҳи бўлди.

ШҲТнинг шаклланиши ва ривожланишидаги муҳим ташаббуслардан бири 2005 йилдаги Давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси бўлди: унда Осиёнинг учта йирик давлати – Ҳиндистон, Эрон ва Покистонга кузатувчи мақомини бериш борасидаги тажрибавий қарор қабул қилинди. Бундан олдинроқ, 2004 йилда шу каби мақом Мўғулистонга ҳам берилган эди. Ташкилотнинг географик жиҳатдан кенгайиши кузатила бошланди ҳамда бу унинг халқаро даражада юксалишига имкон яратди.

Кейинчалик, 2007 йилда ШҲТ давлатлари ўртасида узоқ муддатли қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзоланди.

2009 йил Шри-Ланка ва Беларусга диалоглар бўйича шерик мақомини бериш тўғрисида қарор қабул қилинди.

2012 йилда ШҲТ давлатлари раҳбарлари узоқ муддатли тинчлик ва умумий фаровонлик минтақасини барпо этиш бўйича декларацияга имзо чекди. Ўша йилнинг ўзида Афғонистон ШҲТда кузатувчи мақомини олган бўлса, Туркия диалогик шерикка айланди.

2014 йил Ҳиндистон ва Покистон ШҲТга аъзо бўлиш учун расмий равишда мурожаат қилди. Бу ҳолат 2013-2014 йилларда Тожикистоннинг ШҲТга раислик қиладиган даврига тўғри келди. Айнан шу давр ШҲТга аъзо давлат мақомини бериш масаласини кўриб чиқиш тартибига янги туртки берди. Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган ташкилотга аъзо давлатлар бошлиқларининг саммити ШҲТга аъзо мамлакат мақомини бериш тартибининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш учун мустаҳкам пойдевор яратди. Ушбу тартиб аъзо давлатлар раҳбарларининг навбатдаги саммитида қўшимча муҳокама қилинди ва тасдиқланди.

2015 йилда ШҲТ давлатлари бошлиқлари Ҳиндистон ва Покистонни ташкилотга аъзоликка қабул қилиш тартибини бошлаш тўғрисида қарорни тасдиқлади, шунингдек, Беларусга ШҲТда кузатувчи давлат мақомини бериш, Арманистон, Камбожа, Непал ва Озарбайжонга диалогик шерик мақомини бериш тўғрисидаги қарорлар имзоланди. Шундай қилиб, ШҲТ қисқа вақт ичида минтақавий ташкилотдан йирик халқаро ташкилотга айланди. Ташкилотнинг атиги йигирма йил мобайнида ҳам тузилмаси, ҳам фаолияти доирасидаги бундай жадал кенгайиши ШҲТ мақсадлари ва эзгу ниятларини белгилашда аниқликдан далолат беради.

2017 йил июнь ойида Остона шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг саммитида ушбу жараён ўзининг дастлабки натижаларини кўрсатди. Минтақадаги икки йирик давлат – Ҳиндистон ва Покистон ташкилотга аъзо мамлакат мақомини олди.

Эслатиб ўтиш лозимки, аксарият мутахассисларнинг адолатли фикрига кўра, замонавий дунёда бундай ташкилотлар халқаро муаммоларни ҳал қилишни енгиллаштириш учун давлатлараро алоқанинг асосий ташаббускорларидан ҳисобланади. ШҲТ ташкил топган даврданоқ замонавий дунё воқелиги талабига жавоб берадиган тузилмалар яратилди. Масалан, томонларнинг ўзаро келишуви асосида 2004 йил январь ойидан буён фаолият юритиб келаётган ШҲТ Котибияти ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (МАТТ) Ижроия қўмитаси доимий орган ёки тузилма, дея белгиланди. ШҲТ Котибиятининг бош қароргоҳи Пекин шаҳрида ва ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси бош қароргоҳи Тошкент шаҳрида жойлашган.

Умуман олганда, ШҲТни ташкил этишнинг умумий шартлари ва унинг ривожлантиришнинг барча босқичларини таҳлил қилиб, шуни айтиш зарурки, ташкилотнинг Евроосиё муҳитида пайдо бўлиши учун кўпгина сиёсий, тарихий ва иқтисодий омиллар сабаб бўлди ва уларнинг энг муҳимлари қуйидагилардир:

- халқаро муносабатларда икки қутбли тизимнинг завол топиши;

- собиқ СССРнинг қулаши натижасида янги дунё тартибининг шаклланиши;

- терроризм, экстремизм ва сепаратизм каби янги таҳдид ва хавф-хатарлар ортиши;

- «Шанхай бешлиги» доирасида минтақа мамлакатлари ўртасида шаклланган муносабатлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, биргаликда ривожланиш истагида бўлган адолатли дунё тизимини татбиқ этиш;

- мамлакатларнинг минтақавий интеграциясини кучайтирадиган янги самарали механизмларни биргаликда излаб топиш;

- хавфсизликни таъминлаш, иқтисодий ҳамкорлик ва барча соҳалардаги ҳамкорликлар устувор йўналишлар бўлган минтақавий ҳамкорликнинг янги усулини шакллантириш.

Дарҳақиқат, ШҲТ ташкил топган йилларда дунёда муҳим ўзгаришлар юз берди, бу жаҳон сиёсати мазмуни ва йўналишларини бутунлай ўзгартирди. Шу сабабли, ушбу ташкилотни таъсис этиш ташаббускори бўлган давлатларни янги замон ҳақиқатлари, тез ўзгарувчан шароитга мослаштириб, ташкилот учун жаҳоннинг сиёсий майдонида муносиб ўрин топишига ундади. Замонавий шароит янги таъсис этилган халқаро ва минтақавий ташкилот – ШҲТдан ҳам ўзгача тарзда ишлашни, долзарб минтақавий масалаларга ечим топишда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишни тақозо этди.

Масала қуйидагича кўндаланг қўйилган эди: ташкилотга аъзо давлатларнинг манфаатини қондириш, қийин халқаро шароитда савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар интеграцияни йўлга қўшиш учун куч ва қобилиятга эга бўлиши шарт.

ШҲТнинг кейинги фаолияти шуни кўрсатдики, ташкилот, нафақат, ушбу масалаларни бартараф этишни муваффақиятли бошлади, балки халқаро сиёсий майдонда мустаҳкам ўринга эга тузилмага айланди.

ШҲТ фаолияти фақат сиёсий масалаларга эмас, балки иқтисодий алоқаларга йўналтирилгани муҳимдир, яъни унинг фаолияти марказлаштирилгандир. Ташкилот доирасида аъзо давлатлар ўртасида узоқ муддатли иқтисодий ҳамкорликлар режалари қабул қилинди. Режаларнинг мақсади ташкилотга аъзо барча давлатлар ўртасида мол, хизмат ва технологияларнинг эркин айланишига кўмаклашишдан иборат. Мамлакатларнинг жиноятчиликка қарши курашиш, маданият ва маориф, илм ва инновацион технологиялар, шунингдек, соғлиқни сақлаш, агросаноат комплекси соҳаларидаги ўзаро ҳамкорликлари кун сайин кучайиб бормоқда.

ШҲТнинг йигирма йиллик фаолияти ушбу ташкилот долзарб минтақавий ва халқаро муаммоларни муҳокама қилиш ва ҳал этиш учун муносиб ва таъсирчан тузилма эканини тасдиқлайди.

Шунинг учун, Тожикистон ташкилот фаолиятида, жумладан, ШҲТ аъзо давлатларининг кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастурида фаол қатнашиб, турли лойиҳалар татбиқ этилишида ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилади.

Йигирма йиллик фаолияти ШҲТ давомида халқаро сиёсат соҳасида таъсирчан ташкилот сифатида эътироф этилди ҳамда тез суръатларда ривожланиб бораётган жаҳонда катта эътиборни қўлга киритди. ШҲТнинг БМТ Бош Ассамблеясида кузатувчи сифатида эътироф этилиши, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва АСЕАН билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиши ташкилотнинг дунё сиёсатидаги нуфузи тобора ошиб бораётганидан далолат беради.

Бошқа томондан, ШҲТнинг кейинги ривожланиши ва кенгайиши кўплаб минтақавий ва халқаро омилларга боғлиқ. Булар, аввало, жаҳондаги геосиёсий вазият, минтақавий хавфсизлик масалаларидаги ҳамкорлик ва савдо-иқтисодий алоқаларни равнақ топтиришдир.

Таъкидлаш жоизки, Тожикистон Республикасининг ШҲТ муассисларидан бири сифатида ушбу ташкилотнинг шакллантириш ва ривожлантиришдаги ўрни алоҳида аҳамият касб этади.

Тожикистон 2008 ва 2014 йиллар Давлат раҳбарлари кенгаши раислигини ҳамда 2006, 2010 ва 2018 йиллар ШҲТга аъзо мамлакатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгаши раислигини ўз зиммасига олди.

Биз ўз фаолиятимизни ташкилот доирасида кенгайтириб, унинг аъзолари билан алоқаларимизни яна ҳам мустаҳкамлаймиз, ШҲТ доирасида замонавий кўринишдаги хавф-хатарлар, айниқса, терроризм, экстремизм, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши ва бошқа трансмиллий уюшган жиноятчиликларга қарши кураш йўналишдаги муштарак фаолиятимизни давом эттирамиз.

Тожикистон ШҲТга аъзо давлатлар, нафақат, қўшничилик анъаналарини сақлаб қолиши, балки мавжуд ёки пайдо бўлаётган ижтимоий-иқтисодий характердаги муаммоларни ҳал қилишнинг янги мақбул йўлларини топишлари зарур, деб ҳисоблайди.

Ҳозирги кунга қадар мамлакатларимиз айтиб ўтилган барча соҳаларда ижобий натижаларга эришган, аммо тез ўзгарувчан жаҳонда бу билан чекланиб қолмасдан, балки янада олдинга интилишимиз ҳамда сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий хусусиятга эга долзарб муаммоларни биргаликда ҳал қилишимиз даркор. Ҳаммамиз бирдамликда минтақадаги хавфсизликни таъминлаш ва дунё мамлакатлари аҳолисини фаровон яшашлари учун ҳаракат қилишимиз зарур.

2020 йил ташкилотга раислик Россия Федерациясидан Тожикистон Республикасига ўтди. Шунингдек, ШҲТ давлатлари бошлиқларининг юбилей саммити 2021 йил 16-17 сентябрь кунлари Душанбе шаҳрида ўтказилади. Бунинг рамзий маъноси бор, чунки ШҲТни таъсис этиш тўғрисидаги қарор, айнан, мамлакатимиз пойтахтида қабул қилинган эди.

Ишончимиз комилки, ШҲТ ўзининг юбилейини нишонлагандан кейин ҳам фаол тузилма, таъсирчан платформа сифатида фикрлар алмашуви, умумий позицияни шакллантириш ҳамда турли нуқтаи назарлар мувофиқлиги йўлида фаолиятини давом эттиради, ўз сиёсатини замон талабларига мос равишда такомиллаштиради.

ШҲТ фаолияти давлатимиз ташқи сиёсати стратегиясининг асосий тамойилларига тўлиқ мос келади. Биз унинг тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтиришнинг муҳим вазифаларини ҳал қилишдаги ролини янада кучайтирилишдан манфаатдормиз.

Хулоса ўрнида шуни қайд этишни истардимки, ШҲТ ташкил топган кунидан бошлаб адолатли халқаро муносабатларни ўрнатишга ҳаракат қилади. Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг халқаро алоқалардаги оғир даврга тўғри келган йигирма йиллик фаолияти шуни кўрсатдики, ташкилот халқаро сиёсат майдонида ҳақиқий кучга эга.

ШҲТга аъзо давлатлар сиёсат, иқтисодиёт ва хавфсизлик масалаларини ҳал қилишда юқори даражадаги ҳамкорлик ва ишончга эришди. Ҳар йили турли даражадаги учрашувлар нафақат долзарб муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш имкониятини беради, балки тез ўзгарувчан дунёда тезкор равишда зарур чоралар кўришни тақозо этади. Буларнинг барчаси шуни кўрсатадики, давлатимиз таъсис этилишида фаоллик билан қатнашган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти минтақавий ва халқаро аҳамиятга эга келажаги порлоқ тузилма ҳисобланади.

 

Эмомали Раҳмон,

Тожикистон Республикаси Президенти,

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари

кенгашининг 2021 йилдаги раиси.

Мавзуга оид

Қирғизистон Бош вазири пойтахтимиздаги «...

Қирғизистон Бош вазири Улуғбек Марипов Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлигида п...

Ўзбекистон делегацияси Душанбеда Аҳмад Д...

Кеча Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ) директори Анвар Носиров бошчилигидаги делегаци...

Туркманистондан муносабат: «Бобурнома» н...

Кеча Ашхободда буюк ўзбек шоири, мутафаккир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур тав...

Сўнгги янгиликлар