Uz / Ўз Ru En

Toshkent

03/Март/2021   Сайёҳлик

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ўртасида тармоқ келишуви имзоланди


ТОШКЕНТ, 3 март. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Касаба уюшмалари федерацияси ўртасида ҳамкорликка доир келишувни имзолашга бағишланган тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Азамов ва Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши раиси Шуҳрат Деҳқонов томонидан имзоланди.

2020 йил сентябрь ойида Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши ташкил этилган эди. Қисқа вақт ичида мазкур тармоқ касаба уюшмаси ўз сафида 1 минг 170 дан ортиқ бошланғич ташкилотни ҳамда тармоқ ташкилот ва муассасаларида меҳнат қилаётган 90 мингдан зиёд ходимларни бирлаштирди. Бугунги кунга келиб тармоқ касаба уюшмаси соҳага алоқадор давлат бошқаруви органлари, вазирликлар, жамоат ташкилотлари ва ижодий уюшмалар билан яқин ижтимоий шериклик алоқаларини йўлга қўйди.

Ҳамкорлик алоқаларининг натижаси ўлароқ, тадбирда тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамда ижтимоий шериклар ўртасида тармоқни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишлари, меҳнат шартлари ва унга ҳақ тўлаш, тармоқ ходимларининг ижтимоий кафолатларини белгилаб берувчи тармоқ келишувлари имзоланди. Хусусан, Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши ҳамда Маданият вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ўзбеккино” давлат унитар корхонаси, Бадиий академия ўртасида тармоқ келишувлари имзоланди.

Мазкур келишувларга маданият, кино ва тасвирий санъат тизимида фаолият олиб бораётган ходимларни рағбатлантириб бориш, соҳага малакали мутахассисларни жалб этиш мақсадида  меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини қайта кўриб чиқиш, ходимларга уй-жой сотиб олиш учун имтиёзли кредитлар ажратилишига кўмаклашиш, соҳа вакилларининг халқаро лойиҳалардаги иштирокини таъминлаш орқали тажриба алмашиш тизимини йўлга қўйиш каби долзарб масалалар киритилган. Шунингдек, Тармоқ келишувларига кино саноати, номоддий маданий меросимизнинг ажралмас қисми бўлган халқ ижодиёти, тасвирий санъат йўналишларидаги энг ёрқин асарларни халқаро ареналарга олиб чиқиш тизимини жорий этиш, ҳар йили туризм соҳасида илғор натижаларга эришган ходимларга ҳордик чиқаришлари, соғлиқларини тиклашлари учун касаба уюшмалари сиҳатгоҳларига имтиёзли йўлланмалар ажратиш, маданият ва санъат соҳаси ходимлари учун соғломлаштириш марказини ташкил этиш, маданият ва санъат йўналишидаги олийгоҳлар талабаларининг хорижий давлатлардаги нуфузли олий ўқув юртларида ўқув амалиётини ўтишларига эришиш каби масалалар киритилган.

Бундан ташқари, ёш умидли иқтидорларни оталиққа олиш, уларнинг дунё саҳнасига чиқишига биргаликда кўмак бериш, ўқув йили давомида муваффақиятларга эришган энг иқтидорли ва ижтимоий-иқтисодий кўмакка муҳтож талабалар учун “Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси стипендияси”ни жорий этиш йўналишларидаги ишларни амалга оширишга ҳам келишиб олинди. 

Тармоқ касаба уюшмаси ва тегишли вазирлик ҳамда ташкилотлар ўртасида имзоланган келишувларнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, уларда кўп йиллар мобайнида меҳнат қилиб, халқ эътиборини қозонган, юртимиз маданияти ва санъати ривожига улкан ҳисса қўшган устоз ва фахрийларга эътиборни кучайтириш, уларга ғамхўрлик ва эъзоз кўрсатиш масалалари ҳам ўз аксини топган.

Мавзуга оид

Исроил элчиси билан пандемия шароитида т...

Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раис...

Ҳинд компанияси Самарқанд ва Бухорода ме...

Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш бўйича амалг...

Ўзбекистонда чет эллик сайёҳлар учун «Uz...

Ўзбекистон Президентининг «Туризм соҳасини санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайти...

Сўнгги янгиликлар