27/Июнь/2022 Маданият
ИСТАНБУЛ, 27 июнь. /«Дунё» АА/. Истанбул шаҳридаги Туркий давлатлар маданият марказида буюк ўзбек мутафаккири ва шоири Мир Алишер Навоий ижодий-маънавий меросига бағишланган илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Анжуман Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси, Истанбул мэрияси Музейлар бош бошқармаси, Туркиядаги Ўзбекистон маданияти, бирдамлиги ва ҳамкорлиги жамияти, Ўзбек аёллари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда Туркистонликларга маданий ва ижтимоий ёрдамлашиш жамиятлари билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Тадбир иштирокчилари ўзбек адабиётининг буюк сиймоси, мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоийнинг туркий тилни шаклланиши ва ривожланишига қўшган беқиёс ҳиссасани алоҳида таъкидлади.
Анжуман иштиокчилари мамлакатимизда Алишер Навоийнинг бой меросини чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. 2021 йилда Президент Шавкат Мирзиёев қарори билан Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ташкил этилгани, ҳозирда фонд самарали фаолият олиб бораётганлиги маълум қилинди.
Туркистонликларга маданий ва ижтимоий ёрдамлашиш жамияти раҳбари Акбар Ясса Туркияда Навоийнинг шахси ва ижодига юксак ҳурмат кўрсатилишини билдирди.
«Ғазал мулкининг султони сифатида шуҳрат қозонган Навоий меросини ўзбек ва туркий халқларни бирлаштириб турувчи ҳамда маданиятлар уйғунлигини акс эттирувчи муҳим жиҳат сифатида тавсифлаш мумкин. Биз туркий халқлар ҳақли равишда Навоийдек аждодимиз ўтгани билан фахрланамиз», деди у.
Тадбирда, шунингдек, Алишер Навоийнинг ижоди ва ҳаётини илмий ўрганишни янада такомиллаштириш, бу борада туркий олим ва тарихшуносларнинг ҳамкорлигини рағбатлантириш масалалари хусусида ҳам фикр алмашилди.