Uz / Ўз Ru En

Toshkent

10/Сентябрь/2020   Маданият

Туркияда Ўзбекистоннинг буюк мутафаккирлари ҳақида ҳужжатли фильмлар суратга олинмоқда


АНҚАРА, 10 сентябрь. /«Дунё» АА/. «Хива – Туркий дунё маданияти пойтахти» халқаро дастури доирасида мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонаси томонидан қатор муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда. Улардан бири — буюк аждодимиз  Абу Райҳон Беруний ҳаёти ва ижодий мероси ҳақида кўп қисмли «Dunyamizi aydinlatanlar» фильми ҳужжатли фильмларнинг биринчи туркуми доирасида суратга олинмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Фильм Туркия Маданият ва туризм вазирлиги, БМТ Цивилизациялар альянсининг Туркия миллий координацияси, Истанбул халқаро цивилизация тадқиқотлари уюшмаси (MED-AR), шунингдек, Истанбулдаги Беруний университети томонидан  молиялаштирилмоқда.

Фильмда таниқли ўзбек актёрлари ҳам иштирок этган. Шунингдек, Беруний ҳақида ўзбек олимлари билан суҳбатлар уюштирилган. Фильмга инглиз ва ўзбек тилидаги субтитрлар қўшилган. Уни суратга олиш ишлари Беруний ҳаёти, фаолияти ва илмий мероси билан боғлиқ жойлар, шу жумладан Ҳиндистон, Туркия ва Ўзбекистон ҳудудларида амалга оширилди. Картина сценарийси таниқли турк шарқшунос олими Бекир Карлига томонидан ёзилган. Б. Карлига Шарқнинг буюк мутафаккирлари ҳақида ҳужжатли фильмлар тайёрлаш тажрибасига эга. Унинг бошчилигида суратга олинган «Шарқдан Ғарбга оқаётган дарё» фильми Шарқдан Ғарбга цивилизацияларнинг «трансфузияси» ҳақида ҳикоя қилади ва дунёнинг 45 мамлакатида намойиш этилган.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков Туркияга сафари давомида Беруний номидаги университетда БМТ Цивилизациялар альянси бўйича Миллий координатор, Туркия маданият ва туризм вазирининг маслаҳатчиси, профессор Бекир Карлига бошчилигидаги туркиялик ҳужжатли фильм ижодкорлари билан учрашди.

Тадбирда Абу Райҳон Беруний ҳақидаги ҳужжатли фильмнинг дастлабки тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу кўп қисмли лойиҳани суратга олиш ва халқаро тадбирларда, шу жумладан, «Хива - Туркий дунё маданият пойтахти-2020» дастурига бағишланган фильмларни суратга олиш бўйича қўшма ишларни якунлаш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда турк олими, ҳозирги пайтда Туркияда Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий меросига тобора кўпроқ қизиқиш билдирилаётганини таъкидлади. Суратга олинган фильм инсоният цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган Шарқнинг буюк мутафаккирлари тўғрисида мавжуд маълумотларни тўлдиришга мўлжалланган. Беруний ҳақидаги фильм сюжети марказида қаҳрамоннинг фанга бўлган муҳаббати туради. Бундан ташқари «Цивилизация энциклопедисти – Ибн Сино», «Улуғбек ва унинг расадхонаси» ва бошқа ҳужжатли фильмларни суратга олиш режалаштирилган.

Мавзуга оид

Инсоният бугунги кунда ҳам Имом Мотуриди...

Жорий йил 3-5 март кунлари Самарқанд шаҳрида «Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таъли...

Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқ...

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа ...

Америкаликлар «Лазги» рақсини онлайн тар...

Хоразм вилояти туризмни ривожлантириш департаменти "Eurasia Virtual Academy" билан ҳамкор...

Сўнгги янгиликлар