24/Июнь/2022 Долзарб
АНКАРА, 24 июнь. /“Дунё” АА/. Россия ва МДҲ давлатларини ўрганиш институти директори Солиҳ Йилмаз (Туркия) “Дунё” ахборот агентлигига Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бугун “БРИКС плюс” саммитидаги нутқи аҳамияти ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди:
– Ўзбекистон раҳбарининг нутқини катта қизиқиш билан кузатдим. Шавкат Мирзиёев Президентлик фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ фуқароларнинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш, қашшоқликни камайтириш ва мамлакат аҳолиси даромадларини ошириш, шунингдек, Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарорликка эришишни устувор вазифалар, деб белгилади.
Янги Ўзбекистонда қисқа муддатда ана шу мақсадларга эришиш йўлида қўйилган аниқ қадамлар, кўрилган амалий чора-тадбирлар ўзининг ижобий натижаларини бераётганига жаҳон ҳамжамияти гувоҳ бўлмоқда.
Шу ўринда алоҳида таъкидламоқчиманки, Ўзбекистонда “Инсон манфаатлари - ҳамма нарсадан устун” тамойили асосидаги ислоҳотлар Барқарор ривожланиш мақсадларининг “Ҳеч кимни ортда қолдирмаслик” асосий тамойили билан ҳамоҳангдир ва замон талаблари руҳида амалга оширилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида Ўзбекистон “Инсон манфаатлари – ҳамма нарсадан устун” тамойили асосида кенг кўламли ислоҳотларни изчил давом эттиришини таъкидлади. Бундан ташқари, Ўзбекистон раҳбари давлат бошқарувини такомиллаштириш, 2030 йилгача камбағалликни камайтириш ва ўртача даромаддан юқори бўлган мамлакатлар қаторига қўшилиш, гендер тенглиги ва ижтимоий кафолатларни таъминлаш, Марказий Осиё минтақасида яхши қўшничилик ва барқарорликни мустаҳкамлаш Янги Ўзбекистон қурилишининг асосий устувор йўналишлари бўлишини юксак минбардан туриб таъкидлади.
Ишончим комилки, бугунги тараққиёт суръатлари ва мамлакатда ҳаётга тадбиқ этилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон 2030 йилга бориб ўз олдига қўйган мақсадларига, жумладан, фуқароларнинг даромад даражасини ўртача кўрсаткичдан оширишга эришади. Чунки республикададаги барча ўзгаришларнинг асосий мақсади барқарор ривожланиш асосида Ўзбекистон аҳолисининг фаровонлиги ва турмуш сифатини изчил оширишдан иборат.