Uz / Ўз Ru En

Toshkent

21/Сентябрь/2020   Сиёсат

Туркиянинг “Cumhuriyet” газетаси: Ўзбекистон Президенти БМТда Алишер Навоий тилида нутқ сўзлайди


ИСТАНБУЛ. 21 сентябрь. /“Дунё” АА/. Туркиянинг нуфузли “Cumhuriyet” газетасининг бугунги сонида “Ўзбек тили БМТда. Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги Ўзбекистон янги марраларга интилмоқда...” сарлавҳаси остида таҳлилий мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолага туркиялик таниқли шарҳловчи, Истанбулда чоп этиладиган ушбу нуфузли нашрнинг Анқарадаги таҳририяти раҳбари Сертач Аш муаллифлик қилган.

Материалда Марказий Осиёнинг марказида жойлашган Ўзбекистоннинг бутун минтақанинг барқарорлигини таъминлашдаги муҳим геостратегик роли таъкидланган. Мамлакат аҳолисини, асосан, ўзбеклар ташкил қилиши, улар қўшни давлатларда ҳам истиқомат қилиши таъкидланган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг қўллаб-қувватловисиз минтақанинг баъзи давлатларида тарқалган экстремизмнинг бутун дунёга ёйилиб кетишига қарши курашиб бўлмаслиги қайд этилган.

Муаллиф замонавий Ўзбекистон тараққиётининг ижтимоий-иқтисодий жиҳатлари ва мамлакатда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланиш жараёнларига алоҳида эътибор қаратган.

Хусусан, С.Аш ўқувчиларга Ўзбекистоннинг муаззам туризм салоҳияти билан танишишни тавсия қилган. “Самарқанд ва Бухоро каби шаҳарлар туркий дунё тарихи учун ҳам муҳим аҳамият касб этади ва Амир Темур авлодлари юрти “очиқ осмон остидаги музей”га ўхшайди гўё”, - дейилади мақолада.

Шу билан бирга, муаллиф Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари этиб сайлангандан бери ўтган вақт мобайнида мамлакатда  ижобий ўзгаришлар ҳаётга тадбиқ этилаётганини қайд этган. Турк шарҳловчисининг фикрига кўра, Ўзбекистон Президенти республикадаги давлат бошқаруви тизимини тўлиқ янгилаб, замонавий талабларга мувофиқлаштирди.

Нашрнинг таъкидлашича, мамлакатдаги сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларнинг мақсади “Янги Ўзбекистон” иборасида ўз ифодасини топган. Президент Шавкат Мирзиёев сайлов маданияти, фуқаролик жамияти субъектларининг аҳамияти, ОАВнинг фаоллиги масалаларини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Аёлларнинг давлат ва жамоат ҳаётидаги иштироки муҳим ҳисобланади. Сўнгги парламент сайловлари натижаларига кўра депутатлар орасида аёлларнинг сафи кенгайган. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия ишлаб чиқилган. Ушбу ҳужжат мажбурий ва болалар меҳнатининг олдини олиш масаласини ҳам қамраб олган. Мақолада камбағалликни камайтириш, коррупцияга қарши курашиш, миллий манфаатларга устуворлик берувчи очиқ ва прагматик ташқи сиёсат юритиш Президент Шавкат Мирзиёев ўз олдига қўйган мақсадларнинг бир қисми экани таъкидланган.

Сертач Ашнинг сўзларига кўра, Тошкентнинг ўзгаришларга нисбатан ижобий ёндашуви нафақат миллий даражада, балки мамлакатнинг қўшни давлатлар билан муносабатларида ҳам намоён бўлмоқда. Таъкидланишича, янги Президент "мамлакатни дунёга очди". Муаллиф замонавий Ўзбекистон қўшни мамлакатлар билан яхши қўшничилик муносабатлари олиб бораётгани ва шу сабабли минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича изчил саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётганини эътироф этган. “Биз бу ҳаракатлар ҳақида нафақат ўзбеклардан, балки бошқа қўшни давлатларнинг расмийларидан ҳам эшитаяпмиз", деб тан олади муаллиф.

Туркиялик шарҳловчи ўз мақоласида Президент Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси сессиясида бутун дунё офкор-оммаси ҳузурида биринчи марта Алишер Навоий тилида нутқ сўзлаши кутилаётганига ҳам эътибор қаратган. Шу билан бирга, муаллиф “чиғатой лаҳжасини адабий тил ҳолига етказган Алишер Навоий айни вақтда Амир Темур давлатининг забардаст вакилларидан бири эди”, деб ёзади.

Материалда таъкидланганидек, Ўзбекистон раҳбари ўз нутқида амалий халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича ўз қарашларини тақдим этади, дунё ҳамжамиятининг бугунги давр ўзгаришларига муносабати ва мамлакатнинг тинч мақсадлари ҳақида сўз юритади.

Муаллиф сўнгги йилларда Туркия-Ўзбекистон муносабатлари юксалаётганини қайд этган. Унинг фикрига кўра, “Ўзбекистоннинг янги ва ҳар томонлама ривожланиш даври ушбу мамлакатга кўпроқ эътибор бериш ва у билан ҳамкорлик даражасини янада оширишни талаб қилмоқда”.

Мавзуга оид

Давлат корхоналарини ислоҳ қилиш ва хусу...

збекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида давлат иштирокидаги корхонала...

Ўзбекистон билан Туркия ўртасида инвести...

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Туркия Республикасига ташрифи давомида 2017 йилнинг...

Президент аҳоли учун яратилаётган шароит...

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев аҳоли учун яратилаётган шароитлар, фуқа...

Сўнгги янгиликлар