08/Декабрь/2022 Ватандошларимиз
ЕКАТЕРИНБУРГ, 8 декабрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари Урал давлат аграр университетида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талаба ёшлар билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот аввалида халқимиз ва давлатимиз фахри бўлган Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги муносабати билан тадбирда йиғилган талаба ёшларимиз самимий қутланди. Уларга Президентимизнинг бевосита раҳбарлиги остида таълим, илм-фан, маънавият-маърифатни ривожлантириш, ёшларнинг билим олиши учун барча шароитларни яратиш, уларнинг илмий-тадқиқот жараёнларига жалб қилиш, шунингдек, республикамизда ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва бошқа жабҳаларда амалга оширилаётган ўзгаришлар жараёни борасида маълумотлар тақдим этилди.
Учрашув давомида талабаларга консуллик ва ҳуқуқий масалалар бўйича ҳам тегишли маслаҳатлар берилди ва уларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди. Ёшлар мезбон давлат қонунлари ва бу ерда жорий қилинган тартиб-қоидаларга қатъий риоя этишга чақирилди.