22/Апрель/2022 Таълим
ЕКАТЕРИНБУРГ, 22 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Екатеринбургдаги Бош консулхонаси ходимлари консуллик округи ҳудудидаги энг йирик ўқув маскани ҳисобланадиган Урал федерал университети раҳбарияти билан таълим соҳасидаги ҳамкорликка доир масалаларни муҳокама қилиш мақсадида ушбу ўқув даргоҳида бўлишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Бош консулхона ходимлари билан бирга Тожикистон, Қирғизистон ва Мўғулистоннинг Екатеринбург шаҳридаги консуллик муассасалари вакиллари ҳам иштирок этган ушбу учрашувда мазкур таълим даргоҳи ректори Виктор Кокшаров университетнинг халқаро алоқалар бўйича проректор лавозимига янги тайинланган Сергей Тушинни таништирди.
Очиқ мулоқот тарзида кечган учрашув чоғида Урал федераль университети жорий йилда бакалавр дастурини тугатаётган хорижлик талабаларни магистратура босқичидаги таълим дастурига жалб этиш ниятида эканлигини билдириб, Уралдаги ўндан ортиқ йирик шаҳарларда таҳсил олаётган хорижлик битирувчи талабалар учун 13 май куни махсус очиқ эшиклар куни ўтказилишини маълум қилди. Шу муносабат билан, университет раҳбарияти ўзбекистонлик битирувчи талабаларни ушбу тадбирда фаол қатнашишга даъват этди.
Шунингдек, С.Тушин университет Ўзбекистонда жадал ривожланиб бораётган кимё ва саноат соҳалари учун керак бўлган юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга ҳамда юртимиздаги олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилишга тайёр ва бундан манфаатдор эканлигини билдирди.
Мулоқот якунида университет ҳудудида Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ўзбекистонлик талабалар иштирокида “Ғалаба боғи: жасорат ва матонат фалсафаси” номли китобнинг тақдимотини ўтказиш юзасидан келишувга эришилди.