02/Декабрь/2022 ТИВ янгиликлари
ТОШКЕНТ, 2 декабрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов кеча ЕХҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши мажлиси доирасида ташкил этилган «Ҳурмат ва содиқликни қандай тиклаш мумкин? ЕХҲТ учун сценарийлар» мавзусидаги давра суҳбатида иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, тадбирда ЕХҲТнинг амалдаги раиси, Бош котиби, Парламент ассамблеяси президенти, ташкилотга аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари иштирок этди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов ўз нутқида хавфсизлик ва фаровонлик йўлидаги умумий мақсадларга эришиш учун ЕХҲТ доирасида қарама-қаршиликдан воз кечиш ва ўзаро айбловларга ўтиб кетмаслик зарурлигини таъкидлади.
Томонлар ўртасида ишончли алоқаларни ўрнатиш учун мулоқот платформасини сақлаб қолиш зарурлиги қайд этилди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг таъкидлашича, давом этаётган келишмовчиликлар ёки можароларга қарамай, ўзаро ҳурмат ва Ташкилотнинг асосий тамойилларига содиқликни кучайтиришга интилиб, умумий оқилона ечимларни излаш зарур.
Владимир Норов Ташкилот фаолиятини такомиллаштиришнинг айрим масалаларига ҳам тўхталиб ўтди.
Мамлакатимиз Ташқи ишлар вазири ўтган йили Стокгольмда ЕХҲТ Вазирлар кенгашининг иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларга қарши курашишда ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги қарори қабул қилинганини юқори баҳолади.
«Шунингдек, ЕХҲТни тўлақонли ташкилотга айлантириш жараёнини якунлаш керак. Низом қабул қилиш, ижро тузилмасини тўлиқ такомилига етказиш, Ташкилот доирасида қарорлар қабул қилишнинг шаффоф ва назорат қилинадиган механизмини ишлаб чиқиш зарур», — деди Владимир Норов.
«Дунё» АА архивидан олинган сурат.