02/Август/2022 Долзарб
ТОШКЕНТ, 2 август. /«Дунё» АА/. Тошкентда ташқи сиёсат, савдо, иқтисодиёт ва транспорт масалаларига масъул бўлган вазирликлар раҳбарлари иштирокидаги «Ўзбекистон-Озарбайжон-Туркия» уч томонлама биринчи йиғилиши ниҳоясига етди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Йиғилиш якунлари бўйича брифингни очар экан, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов қуйидагиларни қайд этди:
- Бугунги учрашув юқори даражадаги музокараларнинг мантиқий давоми ҳисобланади ҳамда стратегик ва маънавий жиҳатдан яқин бўлган уч давлат учун ҳамкорликнинг мутлақо янги шакли бўлиб, минтақавий ва халқаро сиёсатнинг долзарб масалаларини ҳар томонлама муҳокама қилиш учун ноёб имкониятни яратади.
Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркия аъзо бўлган халқаро институтлар доирасида мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатларни давом эттиришга ҳозирлик билдирилди.
Биз ҳамкасбларимиз билан шу йил ноябрь ойида Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммитига тайёргарликни муҳокама қилдик.
Туркий тилли давлатлар ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун мустаҳкам замин яратадиган ушбу тадбирнинг юқори самарадорлигини биргаликда таъминлаш юзасидан келишувга эришилди.