22/Апрель/2022 Жамият
ВЛАДИВОСТОК, 22 апрель. /«Дунё» АА/. Кеча мамлакатимизнинг Владивостокдаги Бош консулхонаси томонидан ушбу шаҳарда жойлашган “А.П.Чехов” номли марказий кутубхонада Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан чоп этилган “Ғалаба боғи фалсафаси” номли китобнинг тақдимот маросими ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур тақдимотда Владивосток шаҳри маъмурияти, Россия Ташқи ишлар вазирлиги ваколатхонаси, Владивосток шаҳрида аккредитациядан ўтган дипломатия ваколатхоналари вакиллари, кутубхона раҳбарияти, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, ўзбек диаспорал ташкилоти ва Приморск ўлкаси ёшлар ҳаракати вакиллари ҳамда Владивосток шаҳридаги ўрта таълим муассасаларининг ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этдилар.
Тадбирни Бош консул Рустам Исмоилов кириш сўзи билан очар экан, иштирокчилар эътиборини Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкент шаҳрида бунёд этилган Ғалаба боғининг миллий, минтақавий ва халқаро миқёсдаги аҳамиятига қаратди. Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, академик Aкмал Саидов қаламига мансуб “Ғалаба боғи фалсафаси” номли китоби ушбу Ғалаба боғига бағишланган. Унда Ўзбекистон халқининг жанг майдонларида ва фронт ортида кўрсатган беқиёс жасорати ва матонати тўғрисидаги батафсил маълумотлар ўз ифодасини топган.
Шунингдек, тадбирда Владивосток шаҳри бошлиғи ўринбосари Дарья Стегний сўзга чиқди. У Ўзбекистон халқининг Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабага қўшган улкан ҳиссаси, жумладан, жанг майдонида иштирок этган 301 ўзбек ҳарбийларининг “Генерал” унвонига сазовор бўлганлигини эътироф этди. У Тошкент шаҳрида бунёд этилган Ғалаба боғини республикада амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг яна бир ёрқин мисоли сифатида таърифлади.
Тадбирда сўзга чиққан Владивосток фахрийлар кенгаши раиси Иван Панасюк ўқиш ва ёшлик даврининг асосий қисми Ўзбекистонда ўтганлиги тўғрисида сўзлаб берди. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Президенти томонидан олиб борилаётган изчил ва халқчил ислоҳотларни, шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари ва фахрийларига қаратилаётган улкан эътиборни юқори баҳолади.
Шундан сўнг тадбир қатнашчиларига Иккинчи жаҳон уруши даврида Ўзбекистонга Россия, Украина ва Белоруссиядан эвакуация қилинган ёш болалар, етимлар ва, хусусан, ленинградликларга бошпана берган ўзбек оилалари мисолида суратга олинган, темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов ва унинг рафиқасига бағишланган «Ты не сирота» бадиий фильми намойиш этилди.