12/Май/2021 Долзарб
TOKИО, 12 май. /«Дунё» АА/. Нагоя иқтисодиёт университети президенти Сабури Харуо Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари ҳақида ўзининг фикр-мулоҳазаларини қуйидагича баён этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
- Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг декабрида Нагоя иқтисодиёт университетига ташриф буюрганида мамлакатингиз етакчиси билан учрашиш имконига эга бўлгандим, - деди Сабури Харуо. - Муҳим сиёсий масалалар билан бир қаторда давлат раҳбари таълим масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратаётгани, бу масалалар мамлакат келажаги учун ҳаётий нуқтаи назардан жуда катта аҳамият бераётгани менда жуда катта таассурот қолдирган эди.
Шуларни ҳисобга олган ҳолда Нагоя иқтисодиёт университетининг Илмий кенгаши таълим ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳамда фан ва академик алмашувларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлагани учун Ўзбекистон Президентига олий даражадаги «Фахрий доктор» мақомини бериш тўғрисида қарор қабул қилди.
Бу муҳим мукофот Ўзбекистон раҳбарияти томонидан иқтисодиётни эркинлаштириш ва барқарор ривожланишга эришиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг янги босқичи сифатида эътироф этилди.
Бугун бўлиб ўтган олий даражадаги телефон орқали мулоқот пандемиянинг мураккаб даврида «соат милларини тўғрилаб олиш» бўйича икки томонлама муносабатлар учун жуда муҳим воқеа ҳисобланади. Икки Осиё давлатлари ўртасидаги илиқ ва дўстона муносабатлар нафақат сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни, балки Япония ва Ўзбекистон олий ўқув юртлари ўртасидаги илмий-академик алмашувларни ҳам мустаҳкамлайди.
Бу аллақачон Японияда давом этмоқда. 2017 йилда Нагоя иқтисодиёт университети қонун мактаби ва бошқарув мактабининг бакалавр дастурида биринчи талабаларни қабул қила бошлади.
Сўнгги беш йилда университетимизда Ўзбекистондан 20 нафардан ортиқ талаба қабул қилинди. Улар бакалавр ва докторантура дастурларида таҳсил олмоқда. Ўзбекистонлик талабалар сони бўйича Марказий Японияда биринчи ўринда турадиган Нагоя иқтисодиёт университети қадимий Ипак йўлида жойлашган икки давлат ўртасида кўприк бўлиш билан фахрланади.
Ўзбекистондаги икки таниқли университет - Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ва Тошкент давлат шарқшунослик университети билан ҳамкорлик шартномаларини имзолаш борасида ҳам келишувга эришганимиздан жуда мамнунман. Таълим соҳасидаги ҳамкорлик яқин йилларда ҳар икки давлат раҳбарларининг шахсий кўмаги билан янада гуллаб-яшнашига умид қиламан.