28/Март/2023 Конституциявий ислоҳотлар
ТОКИО, 28 март. /«Дунё» АА/. Япониянинг етакчи Васэда университети декани ўринбосари, профессор Ацуши Огихара Ўзбекистонда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотларга доир қуйидаги фикр-мулоҳазаларини "Дунё" ахборот агентлиги билан ўртоқлашди:
- Таълим - давлат ва жамиятнинг равнақ топиши ҳамда барқарорликка эришишида жуда муҳим омил ҳисобланади. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Японияда таълим, илм-фан, тадқиқотларга давлат даражасида катта эътибор қаратилиши натижасида Япония барча соҳаларда дунёнинг ривожланган давлатлари қаторидан жой олишга муваффақ бўлди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сўнгги йилларда мактабгача таълим қамровини кенгайтириш, мактаб таълимини қўллаб-қувватлаш, олий таълим муассалалари фаолиятини эркинлаштириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Шу нуқтаи назардан “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасидаги
52-модда алоҳида эътиборга молик.
Янгиланаётган Конституциянинг 52-моддаси ўқитувчилар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсишига ғамхўрликни кафолатлайдиган меъёр ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўқитувчилар билан боғлиқ модда киритилаётгани - жамиятда ушбу касб эгаларига нисбатан йиллар давомида шаклланган муносабатни ижобий томонга ўзгартириш йўлида ташланган жуда катта қадамдир, деб ҳисоблайман.
Ўзбекистонда ўқитувчилар обрўсини ошириш, уларни рағбатлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Биринчи навбатда, ўқитувчилар мажбурий меҳнат – пахта терими, ободонлаштириш ишларига жалб қилинмайдиган бўлди. Бу катта сиёсий ироданинг ҳосиласи, деб ҳисоблаш мумкин.
Бундай ўзгаришлар ўқитувчилар малакасини ошириш, ўз устида ишлаш, таълим беришнинг янги усулларини ишлаб чиқишга қулай шароит яратадиган тизимни йўлга қўйиш учун муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.