Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбСайёҳликЎзбекистон дунё нигоҳидаЯна рукнларАрхив

17/Август/2022   Долзарб

Юсуф бин Солиҳ ал-Гаҳра ал-Утайбий: Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга Саудия Арабистони алоҳида аҳамият беради

ТОШКЕНТ, 17 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистонига давлат ташрифи муносабати билан ушбу мамлакатнинг Тошкентдаги элчиси Юсуф бин Солиҳ ал-Гаҳра ал-Утайбий “Дунё” ахборот агентлиги мухбири саволларига жавоб берди.


- Суҳбатимиз ибтидосида Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги алоқаларнинг бугунги ҳолати ва унинг истиқболлари ҳақида сўзлаб берсангиз...

- Саудия – Ўзбекистон алоқалари кейинги йилларда бир қатор соҳаларда сезиларли даражада ривожланиб бормоқда. Юқори мартабали масъуллар ўртасида ўзаро ташрифлар билан алмашувлар ҳамкорлик даражаси ва алоқаларни янада кенгайтириш ҳамда фаоллаштиришда катта аҳамият касб этмоқда. Бундай ташрифлар орасида Саудия Арабистони Подшоҳлиги ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фарҳон Ҳазрати Олийларининг 2021 йил июнида Ўзбекистонга ташрифи, Президент Жаноби Олийлари ва юқори мартабали масъуллар билан учрашувлари алоҳида ўрин тутади. Шунингдек, инвестиция вазири Ҳолид ал-Фолиҳ Жаноби Олийлари 2021 йилнинг бошларида ва 2022 йилда биринчи инвестиция форумида иштирок этиш учун Ўзбекистонга ташриф буюриб, Президент Жаноби Олийлари ва юқори мартабали масъуллар билан учрашувлар ўтказди.  2021 йилнинг июнида Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг 4-давраси бўлиб ўтди.

Бундан ташқари, икки томонлама алоқалар доирасида Саудия Арабистони  – Ўзбекистон ҳукуматлараро қўшма комиссияси йиғилишларининг бир неча давралари, Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари ва ишбилармонлар форумлари ташкил қилинди. Мазкур анжуманлар ҳамкорлик даржасини юксалтириш ва савдо айирбошлаш ҳажмларини оширишга хизмат қилишига аминмиз. Хусусан, савдо айирбошлаш ҳажми салоҳиятларимиз даражасига ҳали тўла мос келмайди. Унинг кўрсаткичлари бундан буён сезиларли даражада ошишига умид қиламиз.  

- Қайси соҳаларда фаол ҳамкорлик мавжуд? Ҳозирги пайтда қандай лойиҳалар ҳаётга тадбиқ этилмоқда ва бу борада  келгусидаги режалар қандайлиги ҳақида ҳам билишни истар эдик...

- Саудия Арабистонининг қатор компаниялари Ўзбекистонда бир қанча йўналишлар, жумладан, энергетика, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, таълим, инвестиция ва бошқа соҳаларда сармоя киритишга қизиқиш билдирди. Шу боис айрим соҳаларда қатор битимлар ва Англашув меморандумлари имзоланди.

Хусусан, “Akwa Power” компанияси Ўзбекистонга тахминан 2,6 миллиард АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритмоқда. Шунингдек, келгусида Ўзбекистон билан яна 2 миллиард АҚШ доллари ҳажмидаги лойиҳаларни амалга ошириш асносида ўзаро ҳамкорлигимиз кўламини янада кенгайтириш мўлжалланмоқда.

- Маълумки, Ислом мероси нуқтаи назаридан Саудия Арабистони ҳам, Ўзбекистон ҳам дунёда довруғ таратган. Шу ҳақдаги фикрларингизни ҳам ўртоқлашсангиз...

- Шубҳа йўқки, Ислом мероси мамлакатларимизда катта аҳамият касб этади. Ўзаро муштаракликлар алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда. Подшоҳлик ҳам, Ўзбекистон ҳам Ислом тарихидаги улкан ҳиссалари билан ажралиб туради. Ўзбекистонда Ислом тарихида муҳим ўрин тутган шаҳарлар жойлашган. Имом Бухорий, Хоразмий, Беруний, Имом Термизий каби буюк олимлар Ислом ва дунёвий илм–фан ривожига катта таъсир кўрсатган. Ўзбекистонда кўп тарихий масканлар жойлашган, янги илм-фан ўчоқлари бунёд этилмоқда. Улар орасида Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси, Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази, Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасаси ва бошқа муҳим қадамжолар бор.

Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга Саудия Арабистони Подшоҳлиги алоҳида аҳамият беради.

Ҳозирги пайтда туризм соҳасида алоқаларимиз тобора равнақ топмоқда. Бу соҳа ҳар икки мамлакат учун катта аҳамият касб этади. Туризм соҳасида мамлакатларимиз катта салоҳиятларга эга бўлиб, дунёнинг барча давлатларидан саёҳатчиларни ўзига жалб этади. Подшоҳликнинг “2030 йилга назар” стратегияси ва Янги Ўзбекистоннинг  2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси икки мамлакат ҳамкорлиги даражасини янада юксалтириришга асос бўлади.

2020 йилга қадар ЮНЕСКО томонидан эътироф этилган Саудия Арабистони ёдгорликлари сони 5 тага етди. Бу эса бутунжаҳон тарихий меросини сақлашга қаратилган муҳим қадам ҳисобланади.

- Бу йил ўзбек халқи Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 31 йиллигини нишонлайди. Шу муносабат билан ўзбек халқига қандай тилаклар билдиришни истар эдингиз?

- Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари, Ўзбекистон ҳукумати ва қардош ўзбек халқига энг самимий табрикларим  ва энг эзгу тилакларимни йўллар эканман, бардавом тараққиёт ва фаровонлик тилайман. Ўзбекистонни осойишталик ва барқарорлик неъмати сира тарк этмасин.

Шунингдек, бу йил Саудия Арабистони Подшоҳлиги ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилганига 30 йил тўлгани муносабати билан барча соҳаларда ўзаро муносабатларни биргаликда ривожлантириш ва мустаҳкамлаш истагимизда собит эканлигимизни таъкидлашни  истар эдим.

Мавзуга оид

Германиядан муносабат: Ўзбекистон раҳбар...

Шавкат Мирзиёевнинг қишки Олимпия ўйинлари очилишида иштирок этиш учун Хитойга ташрифи “Ян...

Жанубий Кореяда чоп этиладиган илмий эле...

Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонасида Евроосиё ва туркий тиллар тадқиқотлари инсти...

Испаниядан муносабат: Ҳиндистон билан ҳа...

Мадрид автоном университети профессори, Испания Шарқшунослар уюшмаси бош котиби Исо Гил "...

Сўнгги янгиликлар