01/Ноябрь/2021 Экология
ТОШКЕНТ, 1 ноябрь. /«Дунё» АА/. Сўнгги етти йил бутун кузатувлар тарихида энг илиқ давр бўлди, дунё океани сатҳи янги максимум даражага кўтарилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Жаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ) томонидан эълон қилинган ҳисоботга таяниб.
«БМТ янгиликлари» веб-сайтига кўра, ҳисобот Глазгода (Буюк Британия) очилаётган БМТнинг иқлим бўйича конференцияси арафасида эълон қилинган.
ЖМТнинг 2021 йил учун дастлабки ҳисоботида БМТнинг қатор агентликлари, миллий метеорологик ва гидрологик хизматлари маълумотлари, шунингдек, етакчи экспертларнинг илмий тахминлари тўпланган.
«Кузатишлар тарихида биринчи марта Гренландиянинг музлик чўққисига қор эмас, ёмғир ёғди, - дейди ЖМТ Бош котиби, профессор Петтери Таалас. - Музнинг эриши натижасида Канада музликлари секин-аста йўқолиб бормоқда».
БМТнинг иқлим бўйича конференциясида ЖМТ ҳисоботи асосий ҳужжатлардан бири бўлади ва форум иштирокчилари ўртасида кечадиган музокараларда илмий асос сифатида фойдаланилади.
Ҳужжатга кўра, 2020 йилда ер атмосферасида иссиқхона газларининг концентрацияси янги максимумга етган. Ўсиш 2021 йилда ҳам давом этмоқда.