14/Декабрь/2020 Ватандошларимиз
ТОШКЕНТ, 14 декабрь. /«Дунё» АА/. Жанубий Кореяда ватандошимиз Маҳмуд Абдуллаев томонидан фаолияти йўлга қўйилган «Лаззат» ўзбек миллий ресторани ҳақида ушбу мамлакатнинг «SKY» телеканалида кўрсатув намойиш этилди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маълум қилишича, «Hello plate» номли кўрсатувда ўзбек миллий таомлари ва унинг тайёрланиши ҳақида сўз юритилган. Бу маданий меросимизнинг ажралмас қисми бўлган ўзбек миллий таомларимизга чет элликларнинг қизиқиши ошиб бораётганидан далолат беради.
Мазкур ресторан вакиллари Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонаси томонидан ташкил этиладиган барча тадбирларда фаол иштирок этади.
Маҳмуд Абдуллаев Сеул шаҳри ҳокимияти ва Жанубий Корея Туризм қўмитаси томонидан ўтказилаётган халқаро таомлар кўргазмаларида фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда. Бу билан у Жанубий кореяликларни Ўзбекистонга саёҳат қилишга қизиқтириш, мамлакатимизнинг гастрономик туризм соҳасини ривожлантириш, унинг нуфузини халқаро миқёсда янада оширишга ҳисса қўшмоқда.
«Лаззат» миллий таомлар ресторани асосчиси ва раҳбари Маҳмуд Абдуллаев жорий йил Ўзбекистон Республикасининг «Туризм фидойиси» кўкрак нишони билан тақдирланди.
Бугунга келиб ватандошимиз Жанубий Кореянинг онлайн савдо бозорида ва ривожланган етказиб бериш компаниялари рейтингида етакчи ўринларни эгаллаб турибди.