08/Март/2021 Ватандошларимиз
CЕУЛ, 8 март. /«Дунё» АА/. Бугун мамлакатимиз элчихонаси томонидан Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Квангжу шаҳридаги ваколатхонаси ҳамда Жанубий Кореядаги ўзбекистонликлар уюшмаси билан ҳамкорликда ватандошлар иштирокида онлайн-мулоқот ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбирда Жанубий Кореяда яшаб, меҳнат фаолияти олиб бораётган юртдошларимиз ҳамда Ўзбекистон Умумжаҳон ёшлар ассоциацияси ваколатхонасининг ушбу мамлакатдаги вакиллари иштирок этди.
Мулоқотда Жанубий Кореядаги ўзбекистонликлар уюшмасининг фаолияти, унга аъзо бўлиш тартиби, жойларда уюшманинг вакилларини тайинлаш масалалари бўйича маълумотлар берилди.
Иштирокчилар Ўзбекистонда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, мамлакатимиздаги ушбу жараёнларга хорижда етарли билим ва тажрибага эга ватандошларимизни кенг жалб этиш юзасидан давлатимиз раҳбариятининг глобал, минтақавий ва миллий ташаббуслари билан таништирилди.
Хорижда истиқомат қилаётган ватандошларга нисбатан фуқаролик ҳолати далолатномалари, фарзанд туғилишини қайд этиш, хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш, консуллик рўйхатига қўйиш ва бошқа консуллик-ҳуқуқий масалалар бўйича маълумотлар берилди.
Учрашув якунида иштирокчилар билан келгусида бундай мулоқотларни мунтазам ўтказишга келишилди.