Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбЎзбекистон дунё нигоҳидаЯна рукнларАрхив

20/Сентябрь/2021   Ўзбекистон дунё нигоҳида

Жанубий Кореяда “Ўзбекистон кунлари” бўлиб ўтди

СЕУЛ, 20 сентябрь. /«Дунё» АА/., Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилганлигининг 29 йиллигини кенг нишонлашга қаратилган тадбирлар доирасида Кёнсан-Намдо провинциясида жойлашган Ҳамянг шаҳрида “Ўзбекистон кунлари” бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.


Мазкур тадбир Ҳамянг шаҳридаги халқаро кўргазмалар мажмуасида Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси, Ўзбекистон ёшлар умумжаҳон ассоциациясининг Корея Республикасидаги ваколатхонаси ҳамда хориждаги ватандошларимиз ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Жанубий Корея расмий доиралари ва кенг жамоатчилиги вакиллари, ушбу мамлакатда аккредитациядан ўтган дипломатия ваколатхоналари ходимлари, маданият ва санъат арбоблари, журналистлар иштирок этди.

Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида икки давлат мадҳиялари янгради. “Ўзбекистон кунлари”нинг очилиши муносабати билан Кёнсан-Намдо провинцияси расмий вакиллари, Ҳамянг шаҳри билан ўзаро биродарлик алоқаларини ўрнатган Тошкент вилоятининг Янгийўл тумани ҳокимлиги раҳбарияти ва элчихона ходимлари сўзга чиқди.

Хусусан, Ҳамянг шаҳар мэри Сео Чун Со дипломатия муносабатлари ўрнатилгандан буён Ўзбекистон ва Жанубий Корея фаол алмашув ва ҳамкорлик орқали дўстона алоқаларни шакллантириб, ўзаро муносабатларни “алоҳида стратегик шериклик” даражасига олиб чиққани, турли соҳаларда яқиндан ҳамкорлик изчил давом этиб келаётганини мамнуният билан қайд этди. “Жанубий Корея аҳолиси Ўзбекистонни яқиндан таниш ва қадрли дўст мамлакат сифатида билади”, - деди у.

Унинг сўзларига кўра, икки давлат орасидаги сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларнинг узлуксиз ривожланиб бориши асносида маҳаллий ҳукуматлар ўртасида ҳам тўғридан-тўғри ҳамкорлик муносабатлари шаклланмоқда. “Жумладан, 2019 йилда Ҳамянг шаҳри билан Тошкент вилоятининг Янгийўл тумани ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилган бўлиб, шу пайтга қадар турли соҳаларда, жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш, маданият, санъат, туризм соҳалари ва хусусий секторда ўзаро фаол алмашувлар давом этмоқда. “Ўзбекистон кунлари” тадбирининг ўтказилиши келгусида икки мамлакат ўртасидаги самимий алоқаларнинг янада юксалишига катта ҳисса қўшишига ишончим комил”, - деб қайд этди шаҳар мэри.

Расмий маросимдан сўнг “Ўзбекистон кунлари” учун ажратилган алоҳида павильонда ўзбек миллий санъати ва маданиятини ўзида акс эттирган концерт дастури намойиш этилди. Жанубий Кореяда истиқомат қилаётган ватандошларимиз томонидан ижро этилган ўзбек миллий қўшиқ ва рақслари тадбирга ташриф буюрган меҳмонларда унутилмас таассурот қолдирди.

- Ўзбек миллий мусиқа ва ашулалари замирида инсонни эзгуликка чорлайдиган, унинг қалбидаги энг гўзал туйғуларни қалқитадиган буюк илоҳий куч мужассам, дейди Корея Республикаси фуқароси Чо Кёнг Хи. - Шунинг учун ушбу ашулаларни ўзбек тилини тушунмаган инсон ҳам жон қулоғи билан эшитади, олқишлайди ва ардоқлайди.

Шунингдек, “Ўзбекистон кунлари” давомида ўтказилган ўзбек миллий кийимлари намойиши ҳам томошабинларда катта қизиқиш уйғотди.

Бундан ташқари, тадбир доирасида мамлакатимиз тарихи, маданияти урф-одатлари, санъати, сайёҳлик салоҳияти ҳамда икки мамлакат ўртасидаги дўстона алоқаларга бағишланган йирик кўргазма (showroom) ҳам ташкил этилди. Ўзбекистоннинг бой маданий меъроси ва туризм салоҳиятини акс эттирувчи китоб ва қўлланмалар, миллий либослар, ҳунармандчилик, зардўздлик, ёғоч ўймакорлиги, ипакчилик маҳсулотлари ва бошқа халқ амалий санъати намуналари, ранг-баранг фото ва видеоматериаллар кўргазма пештахталаридан жой олди.

Мавзуга оид

Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги ...

Мисрнинг етакчи оммавий ахборот воситалари, жумладан “Ахбар ал-Йаум”, “Ал-Аҳром”, “Ал-Хаба...

Ўзбекистонда тиббиёт туризми учун яратил...

Саудия Арабистонининг «Swift News» электрон нашрида «Ўзбекистон санаторияларда табиий даво...

Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинч ва осой...

Россиянинг «Независимая газета» нашрида халқаро журналист Юрий Сиговнинг «Тошкентнинг афғ...

Сўнгги янгиликлар