29/Сентябрь/2022 Ҳамкорлик
ТОШКЕНТ. 29 сентябрь. /«Дунё» AА/. Мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Жанубий Кореянинг йирик қурилиш компанияларидан бири - “Hanshin Engineering & Construction” бошқаруви раиси Чхве Ён Сон бошчилигидаги делегация вакиллари Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров билан учрашув ўтказди, дея хабар бермоқда “Дунё”АА мухбири.
Мулоқот чоғида Жанубий Корея компанияси томонидан Қўқон шаҳрида амалга оширишга киришилаётган “Hanshin Park City” шаҳарчасини барпо этиш лойиҳаси муҳокама қилинди.
Вилоят ҳокими бошчилигидаги Фарғона вилояти делегациясининг жорий йил март ойида Жанубий Кореяга амалий ташрифи доирасида Қўқон шаҳрида “Hanshin Park City” шаҳарчасини барпо этиш бўйича қиймати 250 миллион долларлик инвестицион келишув имзоланганди.
Келишувга кўра, “Hanshin Engineering & Construction” компанияси Қўқон шаҳрида 9, 12 ва 16 қаватли 5122 хонадондан иборат 127 та кўп қаватли турар-жой биноси, таунхауслар, марказий боғ, мактаб, болалар боғчаси ва бошқа зарур ижтимоий объектлардан иборат “Hanshin Park City” шаҳарчасини барпо этади.
Турар-жойларнинг ер ости қаватларидан автотураргоҳлар ҳам ўрин олади. 3 йиллик режа асосида амалга ошириладиган лойиҳанинг дастлабки босқичида жами 206 та хонадондан иборат 6 та 9 қаватли турар-жой биноси қад ростлайди.
Мулоқот чоғида томонлар ушбу йирик лойиҳани амалга ошириш борасида атрофлича фикр алмашди.