05/Июль/2022 Ҳамкорлик
СЕУЛ, 5 июль /“Дунё” АА/. Мамлакатмиз элчихонаси кўмагида Сеул шаҳар мэрияси Инсон ресурсларини ривожлантириш маркази томонидан “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти вакиллари учун “Транспорт сиёсати ва шаҳар инфратузилмасининг ривожланиши: Сеул шаҳри мисолида” мавзусида онлайн-семинар ташкиллаштирилди, дея хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Унда Жанубий Корея транспорт корпорацияси раҳбари Ким Сан Бом ҳамда ушбу соҳа бўйича бўйича мутахассис Хан Ён Жун ўзларининг бой тажрибаси билан ўртоқлашди.
Семинарда Сеулнинг 1960 йилдан бошлаб бугунги кунга қадар транспорт тизимининг такомиллаштирилиши ва ривожланишига қаратилган тизимли ишлар, бу борада вужудга келган муаммолар ва уларни бартараф этиш билан боғлиқ масалалар хусусида батафсил маълумот берилди.
Йиғилишда, шунингдек, Жанубий Корея транспорт тизимининг асосий сиёсати, мақсади ва вазифалари, автобус йўналишининг мақсадли ислоҳотлари ҳақида ҳам тўлиқ маълумот бериб ўтди.
Семинарда иштирок этан “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамиятининг юзга яқин ходими ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Хусусан, онлайн-семинар иштирокчилари жамоат транспорти бошқарув тизимини молиялаштиришни тўғри ташкиллаштириш, соҳага замонавий ахборот технологияларини жалб этиш, йўналиш тармоқларини ташкил этиш, жамоат транспортида тўлов тизимини такомиллаштириш, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, жамоат транспортининг аҳоли томонидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, энг муҳими, жамоат транспортида қулай тўлов тизимини жорий этиш борасида ўзаро фикр алмашди.
Онлайн-тадбир якунида Жанубий Корея вакиллари Тошкентнинг транспорт инфратузилмасини ривожлантиришда ушбу мамлакатнинг транспорт, ахборот технологиялари, сервис ва бошқа соҳалардаги тажрибаси ва ноу-хауларини ўрганиш самара бериши мумкинлигини қайд этиб, бу борада “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти ходимлари малакасини оширишда амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.