Uz / Ўз Ru En

Toshkent

15/Май/2021   Таълим

Жанубий Кореялик талабалар орасида ўзбек тилини ўрганишга қизиқиш ортмоқда


СЕУЛ, 15 май. /«Дунё» АА/. Жанубий Кореянинг Ханкук хорижий тиллар университетида мазкур олий ўқув юрти профессор-ўқитувчилари, ўзбек тилини ўрганаётган Жанубий кореялик талабалар ҳамда Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси ходимлари иштирокида “давра суҳбати” бўлиб ўтди,  деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбир иштирокчиларига мамлакатимизда ўзбек тилини ривожлантириш ва унинг давлат тили сифатидаги нуфузини янада ошириш йўлида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Қайд этилдики, ўзбек тилининг халқаро миқёсда мавқеи ва обрўси ошиб, фаол мулоқот воситасига айланмоқда, турли даражадаги расмий учрашув ва музокараларда тилимиз кенг қўлланилмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда хорижий тилларни ўрганишга давлат даражасида эътибор қаратилаётгани, ҳар йили илм-фаннинг бир нечта йўналиши танлаб олиниб, алоҳида эътибор билан ривожлантирилаётгани, жорий йил чет тиллари ана шундай устувор соҳа этиб белгилангани ҳақида маълумот берилди.

“Давра суҳбати” давомида Тошкент давлат шарқшунослик университети олимлари томонидан чоп этилган “Ўзбек тили. Хорижликлар учун” ўқув қўлланмасининг тақдимоти ўтказилди. Китоб тўплами университетнинг “Марказий Осиё” кафедрасига тақдим этилди.

Ушбу таълим муассасаси профессори, юртдошимиз Азиза Машраббекованинг таъкидлашича, сўнгги йилларда ўзбек тилининг қўлланиш доираси ниҳоятда кенгайди. Уни илмий асосда ривожлантиришга қаратилган тадқиқотлар, ўзбек тилининг ўзига хос хусусиятларига бағишланган қатор илмий рисолалар, ўқув қўлланмалари ва янги луғатлар чоп этилди. Бугун хорижий давлатлардаги 60 дан ортиқ олий ўқув юртида ўзбек тили қизиқиш билан ўрганилмоқда. Биргина Ханкук чет тиллари университетида 100 нафарга яқин талаба ўзбек тилини ўрганмоқда. Тил билан бирга ўзбек халқининг маданияти, урф-одатлари ва анъаналари билан яқиндан танишмоқда.

Тадбир якунида ўзбек тилини Жанубий Кореяда кенг тарғиб қилишда қўшаётган ҳиссаси ҳамда элчихона томонидан уюштирилаётган турли маданий тадбирлардаги фаол иштирокчи учун Жанубий кореялик бир гуруҳ талабаларга дипломатия ваколатхонаси раҳбарининг ташаккурномаси топширилди. Иштирокчилар элчихона қошида ташкил қилинган “Ўзбек тили дўстлари” клубига таклиф этилди.

Мавзуга оид

Хитой элчихонаси Тошкент давлат шарқшун...

Тошкент давлат шарқшунослик университети (ТДШУ) раҳбарияти ва Хитой элчиси Цзян Янь ўртаси...

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия универси...

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги кўмагида Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳар халқ таълими бўл...

Ўзбекистон давлат консерваториясининг Ну...

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Ўзбекистон давлат консерваториясини...

Сўнгги янгиликлар