28/Июнь/2022 Ҳамкорлик
СEУЛ, 28 июнь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимиз элчихонаси ходимлари Жанубий Кореянинг етакчи нашри - «The Korea Times» газетаси президенти О Ёнг Жин билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мулоқот аввалида нашр раҳбарига элчихона ва газета ўртасида йўлга қўйилган самарали ҳамкорлик, Ўзбекистон имижини кенг тарғиб қилишда кўрсатаётган амалий ёрдами учун миннатдорлик билдирилди.
Хусусан, газета саҳифаларида мамлакатларимиз ўртасидаги алоҳида стратегик ҳамкорликнинг ижобий динамикаси, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида юртимизда амалга оширилган туб сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар ҳақида хорижий муштарийлар, Жанубий Корея жамоатчилиги ва Сеулдаги дипломатик корпус вакиллари орасида холис маълумот тарқатиш жараёнида муҳим ўрин тутадиган туркум мақолалар мунтазам нашр этиб келинаётгани қайд этилди.
-Ўзбекистондаги ўзгаришларни диққат билан кузатиш, кўп йиллар давомида газетада Ўзбекистон ҳақидаги материалларни тайёрлаш орқали мамлакатингиз ҳақидаги билимларим янада бойиб бордим, - деди «The Korea Times» газетаси президенти. - Шу кунларда Ўзбекистонда бошланган конституциявий ислоҳотлар “Инсон шаъни ва қадр-қиммати - олий қадрият” тамойили асосида амалга оширилаётгани муҳим аҳамиятга эга. Эътиборлиси, аввал амалда бўлган “давлат – жамият – шахс” тамойили янги “инсон – жамият – давлат” тамойилига ўтмоқда. Халқаро ҳамжамият Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Учрашув якунида «The Korea Times» газетаси президенти элчихона билан доимий ва яқин алоқаларни давом эттиришини, шунингдек Ўзбекистонда давом этаётган конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти билан ўз муштарийларини мунтазам таништириб боришини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, «The Korea Times» Жанубий Кореяда 1950 йилдан буён нашр этиб келинаётган инглиз тилидаги илк ва етакчи кундалик газета ҳисобланади. Нашрда ички ва ташқи сиёсатдаги муҳим воқеалар, шунингдек, мамлакатнинг хорижий давлатлар билан икки томонлама алоқалари, долзарб халқаро масалалар кенг ёритилади.