02/Февраль/2023 Ватандошларимиз
ТОШКЕНТ, 2 февраль. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Корея Республикасидаги элчихонаси ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ушбу давлатдаги ваколатхонаси ходимлари Кёнгидо провинциясининг Инчон шаҳрида жойлашган «World Korea» заводида бўлди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Завод раҳбари Шин Син Чол билан музокаралар чоғида ишчилар учун яратилган шарт-шароитлар, хусусан, уларни моддий рағбатлантириш ва дам олиши, ижтимоий ҳимоялаш, тиббий хизматдан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Шин Син Чолнинг айтишича, корхона раҳбарияти ўзбекистонлик ишчиларнинг меҳнат фаолиятини алоҳида таъкидлаб, улар қулай яшаш шароитлари билан таъминлангани, маошлар ўз вақтида тўланаётгани ва зарур ҳолларда қўшимча молиявий ва бошқа ёрдам кўрсатилаётганини маълум қилди.
Юртдошларимиз билан учрашувда юртдошларимизга иш берувчи билан узоқ муддатли меҳнат муносабатларининг афзалликлари тушунтирилиб, уларнинг тартибли меҳнати келгусида ўзбекистонлик мутахассисларга бўлган талабнинг ошишида муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Суҳбат давомида сўнгги йилларда республикамизда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар, хорижда меҳнат қилаётган фуқароларимизга кўрсатилаётган ғамхўрликлар қайд этилди. Шунингдек, юртдошларимиз билан Ўзбекистон Конституциясига киритиш таклиф этилаётган қўшимча ва ўзгартиришларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Учрашувдан сўнг ватандошлримизнинг иш ва яшаш жойлари билан танишилди.