05/Сентябрь/2022 Ҳамкорлик
СEУЛ, 5 сентябр. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси ходимлари Кёнсан-намдо провинцияси маъмурий маркази Чангвон шаҳри полиция департаментининг Халқаро ҳамкорлик бўлими масъул ходими Сонг Пёнг Жин билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Суҳбат чоғида халқаро жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида икки мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасидаги ҳамкорликнинг изчил ривожланишининг ижобий динамикаси қайд этилди. Қисқа вақт ичида терроризмга қарши курашиш бўйича мутахассислар ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилгани, ташрифлар алмашинуви амалга оширилгани, улар давомида икки мамлакат мутахассислари ўзаро тажриба ва манфаатли ахборот алмашиш имконига эга бўлгани таъкидланди.
Чангвон шаҳрида Ўзбекистон фуқароларининг кўплиги ҳисобга олиниб, муайян жиноятни содир этишда гумон қилинаётган ўзбекистонликлар тўғрисида ўз вақтида маълумот алмашиш учун мазкур департамент ходимлари билан бевосита алоқаларни йўлга қўйиш таклиф этилди.
Ўз навбатида, Сонг Пёнг Жин Ўзбекистон фуқаролари томонидан содир этилаётган жиноятларни профилактика қилишда элчихона билан яқин ҳамкорликни ташкил этишга тайёрлигини таъкидлади. Полиция вакилининг сўзларига кўра, шаҳарда 2 мингга яқин Ўзбекистон фуқароси истиқомат қилади. Шу муносабат билан Сонг Пёнг Жин Чангвон шаҳар полиция департаменти Ўзбекистон фуқароларининг ушбу давлатда бирор ноқулайликларсиз яшаши учун барча имкониятларни ишга солишини таъкидлади.