28/Март/2023 Ҳамкорлик
ЖИДДА, 28 март. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз Бош консуллиги вакили Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни хорижий оммавий ахборот воситаларида ёритиб бориш мақсадида Ислом ҳамкорлик ташкилоти (OIC) ҳузуридаги Ахборот агентликлари уюшмаси (UNA) бош директори Муҳаммад бин Абдураббу ал-Ямий билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Суҳбат чоғида саудиялик сайёҳларни ва сармоядорларни Ўзбекистонга жалб этиш учун мамлакатимизнинг инвестициявий ва туристик салоҳиятини ҳамда республикада ўтказиладиган халқаро тадбирлар ҳақидаги хабар ва мақолаларни UNA ахборот электрон платформасида жойлаштириш масаласи муҳокама қилинди.
Ўз навбатида, Муҳаммад бин Абдураббу ал-Ямий ўзаро ҳамкорликка қизиқиш билдириб, Ўзбекистон тўғрисидаги турли мақолалаларни UNA ахборот платформасида жойлаштиришга тайёрлигини билдирар экан, бу орқали республикамизнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётига доир муҳим хабар ва маълумотлар OICнинг 57 аъзо-давлатига етказилишини урғулади.
Муҳаммад бин Абдураббу ал-Ямий UNA ахборот электрон платформасида аъзо-давлатлар тўғрисида, хусусан Ўзбекистон ҳақида алоҳида рукн очилганлигини маълум қилиб, ушбу рукнга мамлакатимиз иқтисодиёти, туристик салоҳияти, тарихий шаҳарлари ва бетакрор меъморий обидалари ҳақидаги қизиқарли маълумотларни жойлаштириб бориш имконияти мавжудлигини қайд этди.
Учрашув якунида UNA ҳузуридаги тренинг марказида онлайн ва оффлайн шаклда ташкил этиладиган семинар ва ўқув курсларда ўзбекистонлик журналистларнинг ҳам иштирокини таъминлашга келишиб олинди.