16/Август/2022 Ҳамкорлик
ТОШКЕНТ, 16 август. /«Дунё» АА/. Кеча Жидда шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаевнинг Саудия Арабистони инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ билан учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан маълум қилинишича, суҳбат давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Саудия Арабистонига бўлажак давлат ташрифига биргаликда тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик соҳасидаги аниқ лойиҳаларни назарда тутган ҳолда олий даражадаги ташрифнинг кун тартибини иқтисодий жиҳатдан бойитишни батафсил кўриб чиқдилар. Бундан ташқари, Ўзбекистонга қўшимча Саудия Арабистони инвестицияларини жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди. Янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишда яқин ҳамкорлик қилишга ўзаро тайёрлик билдирилди.
Ўзаро муносабатларни фаоллаштириш бўйича мавжуд имкониятлар таҳлили натижаларига кўра, кутилаётган олий даражадаги ташриф мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқишига ишонч билдирилди.