04/Декабрь/2022 Ўзбекистон дунё нигоҳида
ЖИДДА, 4 декабрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни Саудия Арабистони оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб боришга қаратилган фаолият доирасида мамлакатимизнинг Жидда шаҳридаги Бош консуллиги томонидан Саудиянинг “Swift News” электрон нашри бош директори Холид ал-Жуайд ҳамда маслаҳатчилар Камал Мустафа ва Аҳмад Шихата билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Бўлиб ўтган суҳбат чоғида саудиялик сайёҳлар ва сармоядорларни Ўзбекистонга янада кенгроқ жалб этиш мақсадида мамлакатимизнинг инвестиция ва сайёҳлик салоҳиятини ҳамда республикамизда ўтказиладиган халқаро тадбирлар ҳақидаги хабар-мақолаларни “Swift News” электрон нашрида жойлаштириш масаласи атрофлича муҳокама этилди.
Ўз навбатида, суҳбатдош мамлакатимиз билан ўзаро ҳамкорликка қизиқиш билдирар экан, Ўзбекистон тўғрисидаги турли мақолалаларни электрон нашр саҳифаларида жойлаштириб боришга тайёр эканлигини маълум қилди.
Суҳбатдош ўзаро ҳамкорликни ушбу учрашув ҳақида ҳамда Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятига оид ахборот материали чоп этиш, сўнгра Ўзбекистоннинг Жидда шаҳридаги Бош консулидан икки томонлама муносабатлар ва дунёдаги вазият бўйича интервью олишдан бошлашга тайёр эканлигини билдирди.
Шунингдек, учрашув давомида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, нашр саҳифасида ёритиладиган мақолалар мавзуси ҳамда “Swift News” электрон нашри ижодий ходимларининг мамлакатимизга сафарини уюштириш билан боғлиқ масалалар ҳам муҳокама этилди.